Бетобликдан сўнг Президент Янукович "ишга" қайтди

Тўрт кунлик бетобликдан кейин Украина Президенти Виктор Янукович 3 февралдан ишга чиқиши эълон қилинган.

Киев марказидаги норози намойишчилар ва Украина мухолиф сиёсатчилари жаноб Януковичнинг истеъфосини ва муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилмоқдалар.

Жаноб Янукович "ўткир нафас йўллари шамоллаши" билан бетоб бўлгани хабар қилинган эди.

Январ ойининг охирги кунларида Олмониянинг Мюнхенида халқаро хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтган, бу анжуманда АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Украинага молиявий ёрдам бериш масаласи устида бош қотираётганлари айтилган.

Америка расмийларига кўра, бу кўмак берилиши учун Украинадан "ҳақиқий ислоҳотлар ва ҳақиқий ўтиш" талаб қилинади.

Ғарб сиёсатчилари фикрича, молиявий ёрдам Украинадаги сиёсий тарангликни юмшатишга ҳисса қўшади.

Украина Президенти Виктор Янукович Оврўпо Иттифоқи билан яқинлашиш битимини имзолашдан бош тортганидан кейин Киевда аксилҳукумат норозилик намойишлари бошланиб кетган, шундан кейин Россия Украинага 15 миллиард долларлик кўмак ваъда берган эди.

Украина парламенти намойишларни тақиқлаш ҳақидаги қонунларни бекор қилиб, Президент Янукович икки ойлик норозиликлар пайти ҳибсга олинганларни амнистия қилиш ҳужжатларини имзолар экан, Россия Киевга ваъда қилинган молиявий ёрдамини тўхтатиб туришга қарор қилган.

Мюнхендаги халқаро анжуманда Россия ва Ғарб сиёсатчилари ўртасида Украина борасида тортишув келиб чиқди.

Ғарб сиёсатчилари Украина келажаги Оврўпо Иттифоқи таркибида экани ҳақидаги баёнотларини эълон қилдилар.

Россия эса Ғарбни икки хил стандарт сиёсатини юритаётганликда айблади.

Бу мавзуда батафсилроқ