Оврўпо Иттифоқида коррупция 'ақл бовар қилмайдиган даражада'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Оврўпо комиссиясига кўра, Иттифоққа аъзо 28 давлатдаги коррупция миқёси "ақл бовар қилмайдиган даражада" ва ҳар йили Оврўпо Иттифоқи иқтисодиётига 120 миллиард долларга тушмоқда.

Коррупцияга бағшиланган расмий ҳисобот эълон қилиниш арафасида Иттифоқнинг ички сиёсат бўйича комиссари Сесилия Мальстрём Швед рўзномасида эълон қилинган мақоласида коррупция демократик идораларга бўлган ишончга путур етказишини айтган.

Оврўпо Иттифоқининг ички сиёсат бўйича комиссарига кўра, иттифоқ давлатларидаги коррупция қонуний иқтисодни молиявий заҳиралардан маҳрум қилади ва уюшган жиноятчиликка қўл келади.

Оврўпо комиссиясининг коррупцияга доир биринчи йирик ҳисоботида айтилиишча, сўровда қатнашган 10 тадбиркордан тўрттаси коррупция Оврўпода бизнес юритиш йўлидаги жиддий тўсиқ эканини айтган.

Сесилия Мальстрёмнинг айтишича, Оврўпо Итифоқининг турли давлатларидаги баҳсу-мунозараларга қулоқ тутилса, гўё коррупция бошқа бир давлатнинг муаммоси, порани қайсидир хорижий давлатнинг сиёсатчилари, бизнесмен ва амалдорлари олаётгандек таассурот қолдиради.

Аслида бу бутун Оврўпо Иттифоқининг муаммоси, дея таъкидлаган оврўкомиссар.

Унинг сўзларига кўра, коррупция Оврўпо Иттифоқининг барча давлатларида мавжуд, аммо давлатдан давлатга унинг кўриниши фарқ қилади.

Ҳисоботда айтилишича, уюшган жиноятчилик энг кўп Булғористон, Руминия ҳамда Италияда тарқалган, аммо порахўрлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш Оврўпо Иттифоқининг барча ўлкаларида кузатилади.

Унда шунингдек, муниципиал даражадаги коррупциянинг мисоллари, яъни тадбиркор маҳаллий ҳокимият мулозимига пора беришига тўғри келадиган ҳоллар келтирилади.

Айрим давлатларда ҳатто тиббий ёрдам олиш учун шифокорларга нақд пул тўлашга ҳам тўғри келади.

Сесилия Мальстрёмнинг айтишича, кўпгина Оврўпо давлатларида коррупцияга қарши рисоладагидек қонунлар мавжуд, аммо улар ҳар доим ҳам ишга солинмайди.

Қолаверса, қонунни бузганлар кўпинча жазосиз қолишади, чунки ҳуқуқ-тартибот идораларида уларни таъқиб этиш учун заҳиралар етишмайди.

Айрим Оврўпо давлталарида эса коррупцияга қарши курашиш учун сиёсий ирода етишмаяпти.

Ҳисобот муалифларига кўра, коррупция Оврўпо Иттифоқига ҳар йили 120 миллиард долларга тушмоқда.

Бу Оврўпо Иттифоқи бюджетига яқин рақамдир.

Ҳисобот алоҳида олинган давлатда коррупцияга қарши қандай курашиш кераклиги ҳақидаги тавсияларни ҳам ўз ичига олади.

Бу мавзуда батафсилроқ