НАТО: Афғонистон Президенти олов билан ўйнашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP PhotoVirginia Mayo Pool
Image caption "НАТО давлатлари Афғон раҳбаридан қандайдир миннатдорчилик сўзларини кутган эдилар", дейди жаноб Расмуссен.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай АҚШ билан хавфсизлик борасидаги келишувни имзоламасдан, олов билан ўйнашмоқда, деб айтган НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен Би-би-сига.

Newsnight эшиттиришига интервюсида Расмуссен Карзайнинг яқинда НАТО га нисбатан танқидий гапларидан норози бўлган.

Карзай бундан олдин Афғонистонга хорижий кучларнинг кириши муваффақиятли бўлмагани ҳақида фикр билдириб, "Ҳелманд вилояти у ерга Британия аскари оёғи тегмаганда кўпроқ ривожланган бўларди", деганди.

Расмуссеннинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг келажаги учун қон ва куч йўқотган НАТО давлатлари Афғон раҳбаридан қандайдир миннатдорчилик сўзларини кутган эдилар.

НАТО Бош котиби Афғонистоннинг апрелда сайланадиган янги президенти Американинг чекланган кучларига 2014 йилдан кейин қолишга ҳуқуқий асос берадиган шартномани имзолашига умид билдиради.

Шу билан бирга, жаноб Расмуссен хавфсизлик борасида келишув имзоланмас экан, Афғонистонга халқаро молиявий ёрдам бериш жараёнига таъсир қилишидан огоҳлантирган.