Дунёда саратон хасталиги кескин ошмоқда

  • 4 Феврал 2014
Image copyright AFP

4 феврал ракка қарши халқаро кураш куни.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти шу муносабат билан Ер шари саратон тўлқини билан тўқнашаётганидан бонг урмоқда.

Унга кўра, келаси 10-20 йил ичида дунё саратон касаллиги тўлқини остида қолади. Дунёда семизлик ошиб бораётгани, спиртли ичимлик кўп ичиш ва сигарета чекиш туфайли кўпроқ одамлар саратонга чалинмоқдалар. Ташкилот агар зудлик билан чоралар кўриб, одамлар турмуш тарзини ўзгартирмаса, кўплаб давлатлар саратонни даволашга ожиз қолишини айтмоқда.

Ўтган йил тахминан 14 миллион кишига саратон ташхиси қўйилган бўлса, халқаро ташкилотнинг башорат қилишича, 2025 йилда бориб бу 19 миллион, 2030 йилда 22 миллион, 2035 йилга бориб эса 24 миллионга етиши мумкин.

Бундан ташқари ривожланаётган дунёда яна қўшимча омиллар саратонни келтириб чиқариш хавфи мавжуд.

Мутахассислар, шу билан бирга, спиртли ичимликлар ва шакар истеъмолини қисқартириб, касалларнинг сонини ярмига қисқартириш имконлари бор дейишмоқда.

Ташкилотга кўра, саратонни келтириб чиқарадиган асосий сабаблар ҳам чекиш, ичиш, семизлик, вируслар, радиация, қуёш нури, ҳавонинг ифлосланиши ва бошқа алоҳида омиллардир.

Халқаро Соғлиқни сақлаш ташкилотининг саратонни ўрганиш маркази директори доктор Крис Уайлдга кўра, саратоннинг ортиши асосан ривожланаётган давлатлар зиммасига тўғри келмоқда. "Саратон касалликларини даволаш нархлари дунёда баланд, лекин касаллик аҳолининг қариши ва сонининг ошиб боришидан ҳам келиб чиқмоқда. Саратонни даволаш нархлари ҳатто иқтисоди баланд давлатларда ҳам назоратдан чиққан. Саратонни олдини олиш оғир аҳволда", дейди у.

Кўп мамлакатларда кўкрак саратони касалликнинг энг кўп тарқалган тури бўлиб, Африканинг катта қисмида бачадон раки ошиб бормоқда.

Аёлларда кеч турмушга чиқиш, кам бола туғиш ва кўкрак сути бериб боқмаслик ҳам касалликни пайдо қилувчи сабаблардан бири экани айтилади.

Шунингдек охирги пайтда кенг урфга кирган қуёшда тобланиш ҳам саратоннинг бир қанча турларини келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган.

Австралия университети Доктори Бернар Стюартга кўра, спиртли ичимлик ичиш оқибатлари сифатида автоҳалокатлар, турли ҳужумлар содир этилиши маълум, лекин у айнан ракка олиб келиши унча тан олинмайди ёки ўрганилмаган.

"Спиртли ичимликларга муносабатни ўзгартириш, уни ишлаб чиқаришдан тортиб, нарх қўйишгача амал қилиши керак. Шунингдек семириш ракни кўпайтирганидек, диета ҳам ракка олиб келиши мумкинлигини айтади,- Доктор Бернар Стюарт.

10 фоиз ҳолатда саратон касаллиги авлоддан авлодга ўтиши аниқланган.

Соғлом овқатланиш зарур

Халқаро ташкилот ҳисоботига қараганда, дунёда тарқалган ракнинг бир қанча турларини соғлом овқатланиш, соғлом парҳез ва жисмоний фаоллик билан бартараф этиш мумкин. Бироқ одамлар тўғри овқатланишнинг қандай аҳамияти борлигини билмасликлари хавотирлидир.

Британиялик доктор Жин Кингнинг айтишича, одамлар соғлом турмуш тарзини танлаб, саратоннинг ривожланишини қисқартиришлари мумкин, лекин давлат ва жамиятнинг ҳам соғлом турмуш тарзи яратилишидаги масъулияти катта.

"Биз ҳозир ҳаракат қилмасак, келадиган 20 йилда саратонни даволашда глобал инқироз марказида бўлишимиз мумкин", дейди у.

Саратонни ўрганиш бутун жаҳон фонди касалликнинг олдини олиш учун иложи борича мева ва сабзавотлар истеъмол этишни тавсия қилиб, спиртли ичимликлар ва қизил гўшт истеъмолини қисқартириш, қайта ишланган гўшт маҳсулотларидан бутунлай воз кечишга чақиради.

Олимлар шу пайтга қадар саратон хасталигини чақирувчи 14 та омилни аниқлаган бўлишса, уларнинг барчаси экология ва турмуш тарзи билан боғлиқ экан.

Бу мавзуда батафсилроқ