Сочи 2014:Гейлар ҳуқуқ ҳимоячилари Олимпия ўйинларини нишонга олишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Намойишлар дунёнинг қарийб 20та шаҳрида кечмоқда

Дунё бўйлаб жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари Россия ҳукуматига қарши норозилик амалларини бошлашган.

Қишки Олимпия ўйинлари Жума куни Сочида очилиши керак.

Норозилик амалларининг ташкилотчиларига кўра, бу ўйинлар ҳомийлари Россиянинг бесоқолбозликка қарши қонунларини танқид остига олишлари керак.

Ўтган йили Россияда “анъанавий бўлмаган” жинсий муносабатларни тарғиб қилишга қарши қонун қабул қилганди.

Бу жаҳондаги жинсий озчиликлар ташкилотлари томондан гейларнинг ҳуқуқларига тажовуз ўлароқ таърифланганди.

Бугунги норозилик амаллари ва намойишлар дунё бўйлаб 19та шаҳарда кечади.

Улар орасида Лондон, Ню Йорк, Париж ва Санкт Питербург шаҳарлари бор.

Фаоллар Олимпия ўйинларининг ҳомийлари бўлган McDonald's, Coca-Cola, Samsung and Visa кредит кард тизимини Россиядаги аксилҳамжинсбозлик қонунларини танқид қилишга ундамоқда.

Россиядаги қонунга биноан, 18 ёшга етмаганларга ҳамжинсбозлик ҳақида ахборот бериш ва унинг тарғиботи билан шуғулланиш учун жарима солинади.

All Out ташкилотининг раҳбари Мари Кемпбелга кўра, Россияданинг аксилгей қонуни Олимпия ўйинларининг табиатига ётдир.

Ўтган ой президент Путин барча гейлар учун Сочи эшиклари очиқ эканини айтиб, “фақат болаларни тинч қўйинг”, деганди.

"Бизда ноанъанавий ҳамжинсбозликка тақиқ йўқ, биз ҳамжинсбозликни ва бачабозликни тарғиб қилишни тақиқлаганмиз”, деб айтган Россия президенти.

Айни пайтда Владимир Путин Сочига келган.

Жума куни очиладиган ўйинлардан аввал юзлаб меҳмонлар ўз меҳмонхоналарининг ҳамон тайёр эмаслигидан норози бўлишган.

Би-би-си мухбирига кўра, Олимпия ўйингоҳлари тайёрдай кўринади, аммо атрофда якунланмаган қурилиш жойлари кўп.

Бу мавзуда батафсилроқ