АҚШ: Сочига тиш пастасида бомба олиб борилиши мумкин

Қўшма Штатлар Россияга парвоз қиладиган авиакомпанияларни террористлар учоққа тиш пасталарига яширилган портловчи моддалар олиб чиқишларидан огоҳлантирган.

АҚШ хавфсизлик вазири вакили билдиришича, жиноятчилар бундай портловчи моддаларни учоқ бортида ишга солишлари мумкин.

Америка махсус хизматлари маълумотларига кўра, жиноятчилар қўл сумкаси ва багажида тиш пастаси идишчаларида тўғридан тўғри учоқ ичида бомба тайёрлаш имконини берадиган моддаларни олиб чиқишни режалаштирганлар.

Бироқ Америка давлат расмийси хавфсизлик хизматларида шундай хабар бўлгани ҳолда, айни пайтда аниқ хавф-хатар хақида маълумот йўқлигини айтган.

Америка хавфсизлик вазирлиги мурожаатида айтилишича, огоҳлантириш Сочи Олимпиадаси олди Россияга парвоз қиладиган ҳам Америка, ҳам халқаро парвоз йўналишларига тегишли.

Ички хавфсизлик вазирлиги вакилининг Би-би-сига айтишича, "улар ички ва халқаро ҳамкорлар билан, халқаро майдондаги ҳодисалар, хусусан Сочи Ўйинларига тегишли маълумотлар билан бўлишиб турадилар".

Январ ойида Росавиация Сочи Олимпия Ўйинлари олди хавфсизлик нуқтаи назаридан Россиянинг барча аэропортларида йўловчиларнинг қўл сумкаларида ҳар қандай турдаги суюқликни олиб ўтишни тақиқлаган.

Россия транспорт вазирлигига кўра, авиайўловчилар қўлларида ҳарорат ўлчагич, бир марталик олов ёққич ва агар таркиби хавф туғдирмаса, 100 мл миқдордаги дори олиб ўтишларига рухсат берилади. Тақиқ 2014 йилнинг 1 апрелигача амал қилади.

Халқаро тажрибада учоқларда суюқликлар олиб ўтилишига тақиқ илк бор 2006 йилда Британия махсус хизматлари Атлантика устидан ўтадиган учоқни суюқ бомба орқали портлатишга тил бириктиришни ошкор этгач жорий этилган эди.

Оврўпо Иттифоқи эса яқин келажакда учоқларда бундай тақиқни бутунлай бекор қилишни режалаштирмоқда. Оврўпо аэропортларига ҳар қандай портловчи модда, хусусан суюқлик олиб кирилганини аниқлайдиган воситалар ўрнатилгач, бу тақиқни олиб ташлаш мумкин бўлади.

Сочи Қишки Ўйинлари эртага, 7 февралда очилади.

Шу муносабат билан Россия хавфсизлик хизматлари кучайтирилган жанговар ҳолатга келтирилган.

Олдинроқ Шимолий Қовқоз жангарилари томонидан таҳдидлар янграган бўлсада, Россия ҳукумати Сочи Ўйинлари пайти хавфсизлик тўлиқ назоратга олинганини айтмоқда.

Олимпия Ўйинларидан икки ой олдин Волгоградда ҳудкуш ҳужумлар содир этилган, жами 34 киши ҳалок бўлган эди.