Булатов ўзини Россия махсус хизмат ходимлари қийнаган деб билади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Украина ҳукумати Булатовнинг йўқолиш сценарийси мухолифат томонидан атайлаб тузилганини айтмоқда.

Украинадаги аксилҳукумат намойишлари раҳбарларидан бири, номаълум кишилар қийноқларидан кейин Литвага даволанишга кетган Дмитрий Булатов биринчи марта матбуот анжумани ўтказган.

Булатовнинг матбуот анжуманида айтишича, нотаниш одамлар қийноқлар остида унга "Автомайдон" Ғарб томонидан молиялаштирилган, дейишга мажбур қилганлар.

"Қийноқларни тўхтатиш учун мен барибир америкаликлар "Автомайдон"га 50 минг доллар беришди, деб айтишимга тўғри келди", деб ҳикоя қилади Булатов. Унинг сўзларига кўра, мухолифатнинг "Автомайдон" ҳаракати харажатларини Украинанинг оддий одамлари кўтаришган.

Дмитрий Булатов ўзини Россия махсус хизмат ходимлари ўғирлаган бўлиши мумкинлигини айтади.

22 январда Булатов бошчилигидаги ҳаракат аъзолари Украина президенти қароргоҳи олдида пикетлар уюштиришган, фаолларни калтакланишига қарши хавфсизлик кучларига нисбатан норозилик намойиши ўтказишган.

Бироқ ўша куннинг ўзиёқ Булатов йўқолган ва саккиз кундан кейин жароҳатлар билан Киев яқинидаги Вишенки қишлоғида топилган эди.

Булатов журналистларга номаълум кишилар қийноққа солиб, қулоғини кесишганини гапириб берган.

У 2 февралда даволаниш учун Ригага , сўнг Вилнюсга ўтди.

Булатовни Олмония ҳам даволанишга таклиф қилганди. Майдондаги ярадорларга тиббий ёрдам учун Литва 15 минг евро берган.

"Автомайдон" ижтимоий ҳаракат сифатида оддий одамлар томонидан йиғилган пуллар эвазига фаолият юргизганини айтган Булатов "Ал-Жазира" телеканали мухбирига.

Россия махсус хизмати?

"Бу одамлар рус тилида рус акцентида гапиришди. Секин ва учинчи шахс тилида гапиришди. Менда улар Россия махсус хизматлари деган фикр келди".

"Намойишлар пайти дастлаб ўзимнинг пулимни ишлатдим, сўнгра пул йиғилди. Ўзига тўқ одамлар молиявий йиғилишди. Биз сиёсатчиларнинг ёрдамини рад қилдик. Халқаро фондлар ёрдам таклиф қилишди. Лекин бунинг учун қоғоз тўлдириш керак, биз улгурмадик буни қилишга", деб айтади Булатов.

"Аниқ ишонаман, мени профессионаллар қийнашди. Улар мени қийнаганда, ўзаро қийноқ ўрни қолмаслигини гаплашишди. Ҳозир жароҳатлар битиб қолди, лекин асоратлари қолади", дейди Булатов ўзининг қийноққа солинганига Украинада шубҳа қилинаётгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан. Булатов мухбирларга жароҳатлари туширилган фотосуратларни кўрсатган.

Айни пайтда Украина Ички Ишлар вазирлиги Булатовнинг йўқолиш сценарийси мухолифат томонидан атайлаб тузилгани ва "жамиятда ҳиссиётларни кўпиртириш, низоларни келтириб чиқариш"ни кўзлагани мумкинлигини ўрганмоқда.

Ҳукуматнинг бир қанча расмийси, жумладан Ташқи Ишлар вазири Леонид Кожара "Булатов саккиз кунлик қийноқдан сўнг жуда яхши кўринишга эга"ни айтиб, уни ўғирлангани шубҳали эканини айтганлар.

Дмитрий Булатовга йўқолганидан кейин у ва бир нечта фаоллар оммавий намойишларни ташкил қилиш айблови билан қидирувга берилган.