Сурия инқирози: Женевада янги босқич музокаралар бошланган

Сурияда 2011 йилда бошланган низолар 100. 000дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган
Image caption Сурияда 2011 йилда бошланган низолар 100. 000дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган

Женевада Сурия ҳукумати ва мухолифати вакиллари ўртасида иккинчи давра тинчлик музокаралари бошланган.

Ўтган ойги учрашув ҳеч қандай қатъий келишувларсиз ва ҳар икки томондан ҳақоратлар билан якун топганди.

Аммо, БМТ вакили Лахдар Браҳими қайсидир маънода "умумий қарашлар" шаклланганини айтганди.

Музокаралар қамалдаги Ҳомс шаҳридан юзлаб одамлар уч кунлик сулҳ остида эвакуация қилиниши ортидан кузатилмоқда.

Эвакуация замбарак ҳужумлари ва отишмаларга қарамай ниҳоясига етказилган.

Ҳар икки томон қатор инсонлар нобуд бўлган ва яраланган ушбу ҳужумларда бир-бирини айблайди.

Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиусга кўра, Франция ва бошқа мамлакатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотида инсонпарварлик ёрдамлари учун кўпроқ имкон беришга чақирувчи резолюцияни тақдим этишади.

Жаноб Фабиус Франция радиосига: "Биз инсонпарварлик нуқтаи назаридан дори-дармонлар ва озиқ-овқат тарқатиш йўлида кучлироқ саъй-ҳаракатларга қўл уришни сўрамоқдамиз", деб айтган.

"Маълум вақт давомида муҳокамалар бўлганига қарамай, одамлар ҳар куни оч қолишаётгани мутлақ уятли ҳолат....", дея қўшимча қилган Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус.

Сурияда 2011 йилда бошланган низолар 100. 000дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, 9.5 миллион киши ўз уй-жойидан айрилган, мамлакат ичкариси ва қўшни давлатларда йирик инсоний инқирозни пайдо қилган.

31 январда ниҳоя топган музокаралар эса, урушга бош қўшган томонлар муросага келишлари учун ҳали йўл узоқ деган хулосага етаклаганди.

Ҳукумат музокараларда "террорризм" (ҳукуматга қарши қўзғолонлар шундай таърифланади) қарши курашга диққат қаратилиши кераклигини таъкидлайди. Мухолифат эса, асосий масала Президент Башар ал-Ассадни қудратдан кетказиш ва ўтиш даври ҳукумати тузиш бўлиши кераклигини айтади.

Президент Ассад ҳукумати қудратни топширишга оид ҳар қандай эҳтимолни рад қилади.

Мухбирларга кўра, ўтган галги музокаралардан бери ҳукумат мавқеи мустаҳкамланган, чунки мамлакат шимоли ва шарқида исёнкор кучлар бир-бирлари билан урушаётган бир пайтда Ассадпараст қўшинлар муайян ҳудудларни эгаллаб олишган.

Женевадаги Би-би-си мухбири Бриджет Кенделлнинг айтишича, икки томон учрашишга ҳозирланишаркан, улар ўртасидаги жарлик ҳар қачонгидан ҳам катта дейиш мумкин.