Украинада ҳибсдаги мухолифатчилар озод қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Украина Президенти мухолифат фаоллари билан музокаралар ўтказганди.

Украинада ҳукуматга қарши намойишларда қатнашган мухолифатнинг барча аъзолари қўйворилган.

14 февралда ҳибсга олинган 234 кишининг охиргиси бугун 14 февралда Голосеевский маҳкамаси қарори билан озод қилинди, деб хабар беради Овромайдоннинг Миллий қаршилик штаби.

Черкасск, Днепропетровск ва Киев вилоятларида қўлга олинганлардан 11 киши уй қамоғига ўтказилган.

Уч кундан сўнг Олий Раданинг 29 январда қабул қилган ва президент имзолаган амнистия ҳақидаги қонуни муддати ниҳоясига етади.

Президент Янукович имзолаган бу қонунга мувофиқ фаоллар 17 февралгача босиб олган давлат биноларини бўшатишшлари ва марказий йўлларни очишлари талаб қилинади.

Бунга жавобан ҳукумат ҳибсдаги мухолифат фаолларига нисбатан жиноий ишни тўхтатишга ваъда берган. Ҳукумат қўйган шарт бажарилмаса, амнистия ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Бироқ фаоллар кириб олган биноларни бўшатишга рози бўлмаганлар.

Ҳукумат билан норасмий музокараларда Афғон жангчилари ва радикал "Ўнг қанот" аъзолари қатнашгани ва келишувга эришгани хабар қилинганди.

Унга кўра, мухолифат Киев ҳокимлиги ва Грушевский кўчасини очиши керак.

Овромайдон фаоллари бу шартларни бажаргани ҳақида ҳозирча хабар йўқ.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Оврўпо Иттифоқини Украинани ҳам ўз ичига олган таъсир доирасини яратишга уринаётганликда айблаган.

Унинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи Украинага Оврўпо Иттифоқини танлаш юзасидан босим ўтказмоқда.