Афғонистон дафтари: Русларнинг сўнгги шоколади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Афғонистон шимолидаги Ҳайратон шаҳрида яшайдиганлар бу йил бундан 25 йил аввал кечган воқеаларни кўпроқ эслашмоқда.

1989 йилнинг 15 февралида Муҳсин Собирий 15 ёшли ўсмир эди.

У отаси билан Шўроларнинг сўнгги танклари Ҳайратон кўприкларидан Ўзбекистон томон ўтиб кетганини кузатди.

"Одамлар йўлнинг икки ёқасида туриб хайрлашардилар...Аскарлардан бири бизга қаратиб шоколадлар ирғита бошлади. Бу менинг сўнгги Шўро шоколадим эдим”, деб хотирлайди у.

Муҳсиннинг отаси русларнинг кетишини истамас эди. Улар кетадиган бўлса вазият ёмон бўлади деб башорат қиларди.

Ҳозир Муҳсин қирқ ёшда. Ўғлининг ёши 17да ва у бир кун келиб менинг фарзандим ҳам ортга қараб афсусланишини истамайман дейди.

Унинг айтишича, Ҳайратондаги божхона хизматида ишлайдиган барча ҳамкасблари бугун хавотирга тушишган.

НАТОнинг мамлакатдан чиқиб кетиши яна Афғонистонга салбий таъсир қилади деган хавотир кучли.

Нур Зиёнинг ҳам фарзандлари хавотирга тушганлар.

Уларнинг дўсту танишлари хорижий кучлар чиқиб кетиши билан ўзларининг яхшигина маош тўлайдиган ишларидан жудо бўлишди.

Нур ва унинг эри ҳам 1989 йил Ҳайратон кўпригига келишган.

Шўролар кетиши билан бошланган талотўплар туфайли улар ўз бошпаналаридан ажралишди.

Аммо бу гал вазият бошқача дейишади улар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазифаси ҳали тугагани йўқ”, дейди Нур Зиё.

“Қўшинлар чиққани билан уларнинг Афғонистонга ёрдами тўхтаб қолмайди. Терроризм деган бало бор экан, улар Афғонистонни эътиборсиз қолдиришмайди”.

Аксарият маҳаллий аҳоли учун НАТОнинг мамлакатдан чиқиб кетиши рўзғор тебратишни оғир қилиб қўяди.

Ўтган ўн йил ичида Ҳайратон Амударё оша Ўзбекистонга узанган кўприкдан яхшигина даромад кўрди.

Айни шаҳарча муҳим транспорт йўлаги ва савдо марказига айланди.

Афғонистоннинг қарийб ярим экспорт ҳажми шу ердан ўтади.

Келажак ойларда худди шу кўприкдан НАТОнинг баъзи карвонлари ҳам мамлакатни тарк этади.

Зобит Фаридун Ағар чегарачи.

У НАТОнинг кетиши билан чегарачиларга бериладиган маош нима бўлади деб қайғуради.

"Биз барча нарсада хорижий қўшинларга қарам бўлиб қолганмиз”, дейди у.

“Улар кетса нима қиламиз, билмайман...”

Барча Афғон полицияси бугун халқаро донор мамлакатлардан маош олади.

2014 йилдан кейин Америка Конгресси Афғонистонга ёрдам миқёсини кескин камайтириши кутилмоқда.

Фаридуннинг хавотирлари айни маънода ўринли бўлиши мумкин.

Аммо ҳозирча Фаридун хушбин.

Унинг айтишича, Шўролар ва Америка истилолари ўртасида йирик фарқ бор эди.

Америка Афғонистонга қонуний бир шаклда кирди дейди у.

Нима бўлганда ҳам Фаридун келажакка умид билан қарашини айтади.

“Бошга тушганини кўз кўради”, дейди.