Сув тошқинларига рўпара Британия довуллар остида қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

14 феврал куни кучайган Атлантика уммонидан жануби-ғарбий йўналишда Британияга ёпирилган довул 15 феврал куни ҳам тинмаган.

Шундоқ мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари бир неча ҳафтадан буён сув тошқинлари остида қолган, ўн минглаб хонадонлар электр қувватисиз қолган.

15 феврал куни 180 дан ортиқ жойни сув босиши хавфи юзага келган.

Ёмон об-ҳаво икки кишининг умрига зомин бўлгани хабар қилинган.

Метеорологлар Корнуоллдан Хэмпширгача кучли довул хавфидан огоҳлантирганлар.

Маълумотларга кўра, Англиянинг жанубий ва жануби-шарқий ҳудудларида шамолнинг тезлиги соатига 130 км га етиши мумкин.

Бу ҳудудларга қатнайдиган поездлар бекор қилинган.

Қутқарувчилар тошқинларга қарши ҳимоя тўсиқлари қуришаётган бўлса ҳам, кўп туманларда тинимсиз ёмғир хавфи боис сув тошқинлари хавфи сақланиб турибди.

Ҳимоя дамбалари қураётган кўнгиллилар орасида қироллик оиласи аъзолари ҳам бор.

Беркширдаги ҳимоя дамбасини қуришда шаҳзода Уилям ва Ҳарри ҳам қатнашган.

Шунингдек хавфли ҳудудларга ҳарбийлар жалб қилинган.

Глостер, Сомерсет, Дорсет, Беркшир ва Суррей графликларига қум тўлдирилган минглаб қоплар етказилган.

Корнуолл ва Девон дохил 24 ҳудудда ўта хавфли сув тошқинлари содир бўлиши эълон қилинди.

Девонда бўрон темир йўлни ишдан чиқарган, улкан тўлқин ҳимоя тўсиқларини бузиб ташлаган.

Ла-Манш бўғозидаги кемага ёпирилган тўлқин туфайли бир киши вафот этган, бир нечаси жароҳат олган.

Яна бир кекса кишини Уилтшир графлигида ток уриб ўлдирган.

Баъзи жойларда шамол дарахтларни томири билан қўпориб ташлаган, деб хабар беради Би-би-си мухбири.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон сув тошқинларидан зарар кўрганларга моддий ёрдам берилишини ваъда қилмоқда.

Англия жанубида 40 мингдан ортиқ уй сув остида қолган.

Кўрилган зарар оқибатларини бартараф этиш узоққа чўзилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ