Украинадаги аксилҳукумат намойишлари пайти яна 3 киши нобуд бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина пойтахти Киевда намойишчилар ва полиция ўртасида зўравон тўқнашувлар кечган. Украина мухолифати манбаъларига кўра, тўқнашувларда камида 3 киши нобуд бўлган.

Полиция парламент биноси тарафга юрган минглаб намойишчиларни тўхтатиш учун резина ўқлар ва карахт қилувчи гранаталар қўллаган.

Парламентда сиёсатчилар конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласини мубоҳаса қилишлари кутилаётган бўлган. Ўзгартиришлар Президент Виктор Януковичнинг қудратини чегаралашга қаратилган.

Мухолифат қайта-қайта зарурий саъй-ҳаракатларга қўл урилмаса, оммавий аксилҳукумат намойишлар янада кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Мазкур ҳодисалар муайян муддат давом этган осойишталик ортидан кузатилмоқда.

Украинадаги нотинчликлар ноябр ойидан бошланган. Ўшанда Янукович жаноблари Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик ва эркин савдо шартномасини имзолашдан бош тортган ва бунинг ўрнига Россиядан йирик миқдорда қарз олишга рози бўлганди.

Россия Ташқи ишлар вазири сўнгги зўравонликлар "Ғарб сиёсатчиларининг махфий ижозати билан" бўлаётганини айтган.

Москва Украинани Россия етакчилигидаги божхона иттифоқига қўшилишини истайди. Мазкур иттифоққа собиқ Шўро давлатларидан Белорус ва Қозоғистон ҳам кирган.

Оврўпо Иттифоқи ва Россия бир-бирини Украина ички ишларига аралашишда айблайди.

Бу мавзуда батафсилроқ