Киевда қурбонлар сони ўндан ортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Киев вақти билан соат 18.00 да Украина хавфсизлик кучлари Мустақиллик Хиёбонидаги намойишчиларга қарши аксилтеррор амалиётини бошлаганини эълон қилган.

Тўқнашувларда 13 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

"Майдон" номи билан танилган Киевнинг Мустақиллик Хиёбони ўтган йил ноябр ойида бошланган аксилҳукумат норозилик амалиётларининг марказига айланган.

Хиёбон атрофи баррикадалар билан тўсилган.

Ҳукуматнинг норозилик жамлоғини бузишга қилган ҳаракатлари 18 феврал кундузи бир неча инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди.

"Майдон"даги аксилҳукумат намойишчилар ўзларининг махсус қўшинларини ташкил этишган.

Икки томон тўқнашувлари оқибатида 18 февралдан 19 февралга ўтар кечаси 13 инсон ҳалок бўлгани, улардан олти нафари милиция ходимлари ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бу Украинадаги норозилик амалиётларининг уч ойи мобайнидаги энг қонли кун бўлган.

Хавфсизлик кучлари хиёбонни намойишчилардан тозалашга ҳаракат қилар экан, портлаш ва ўқ овозлари эшитилган, "Молотов коктейл"лари ва автомобил ғилдираклари ирғитилган.

Милиция сув пуркагичларни "Майдон"гача олиб киришга муваффақ бўлган.

Милиция овоз кучайтиргичлардан хиёбонни маҳаллий вақт билан соат 6 да бўшатиб қўйишни, ўша вақтда "аксилтеррор амалиётлари" бошланишини эълон қилган.

Соат 18:00 дан хиёбонга қараб зирҳли техника юришни бошлаган, баррикада тўсиқларини бузиш бошланган, шовқинли гранаталар отилиб, сув пуркалган.

Намойишчилар катта-катта алангаларни ёққанлар, чодирларга ўт кетган.

Ярим тунга бориб хавфсизлик кучлари хиёбоннинг анча қисмидан намойишчиларни сиқиб чиқарган.

Намойишчилар олдида мухолифат лидерлари чиқиш қилганлар.

Шу куни Киев метросида қатнов тўхтатилган, расмийлар буни аксилтеррор амалиётлари кетаётгани билан изоҳлаганлар.

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалаётган хабарларга кўра, метро ишламаётгани учун бутун Киевдан одамлар Мустақиллик хиёбонидагиларни қўллаб-қувватлаш учун пиёда йўлга чиққанлар.

Мухолифат раҳбарлари Арсений Яценюк ва Виталий Кличко Президент Янукович билан кўришиш учун президент қароргоҳига йўл олганлар.

Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам намойишчилар маъмурий биноларни эгаллаб олганлари ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Ғарб сиёсатчилари томонларни зўравонликдан тийилишга чақирмоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ