Украина: Янукович ва мухолифат ўртасида келишув имзоланди

  • 21 Феврал 2014
Image copyright Reuters

Украина парламенти мухолифати ва Президент Янукович мамлакатдаги сиёсий инқирозни бартараф қилиш бўйича келишувни имзолаганлар.

Бундан олдин Майдондаги намойишчилар томонидан ҳам келишув маъқулланган.

Олий Рада намойишчилар учун амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

"Батькивщина" раҳбари Арсений Яценюк келишувни мамлакатда ҳуқуқ ва адолат ўрнатилишида қўйилган дастлабки қадам деб атаган.

Шу билан бирга у , "жинояткорона буйруқ"ларни берганлар албатта жазоланиши кераклигини таъкидлаган.

Олий Раданинг 2004 йилги Конституцияга қайтиш ҳақидаги қонунини 386 депутат қувватлаб овоз берган.

Image copyright AFP

Музокаралар

Жума куни Украина президенти маъмурияти веб саҳифаси маълум қилишича, Виктор Янукович маъмуриятида тун бўйи давом этган музокаралар сўнгида мамлакатдаги инқирозни бартараф этиш бўйича битим имзолашга келишиб олинган.

Янукович маъмуриятидан маълум қилишларича, битим Киев вақти билан кун ярмида имзоланади. Битим тафсилоти ошкор этилгани йўқ, бироқ, Янукович мамлакатда барқарорликни ўрнатиш учун муддатдан олдин сайловлар ўтказишга рози бўлиши кутилаётганди.

Виктор Янукович, мухолифат лидерлари ва Оврўпо Иттифоқи дипломатлари ўртасида музокаралар кеча тунда бошланган ва саккиз соатдан кўпроқ вақт давом этган.

Музокаралар сўнгида тарафлар натижаларни шарҳлашни истамаганлар.

Учрашувда мухолифат лидерлари Арсений Яценюк, Олег Тягнибок, Виталий Кличко, ва шунингдек Олмония Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер, Полша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский, Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ва Россия омбудсмени Владимир Лукин иштирок этганлар.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, тарафлар 2004 йил конституциясини қайта тиклаш, коалицион ҳукумат тузиш ва декабр ойида муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга рози бўлганлар.

Тун Киевда нисбатан осуда ўтган

«Майдон»даги фаоллар баррикадалар қуришган, бироқ зўравонликлар юз бергани ҳақида хабарлар келмаган.

Украина Соғлиқни Сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сешанба кунидан буён намойишчилар ва милиция ўртасида юз берган тўқнашувлар натижасида камида 77 нафар инсон ҳалок бўлган. Яна 571 инсон жароҳат олган.

Пайшанба куни Украина парламенти - Олий Рада бир неча соат давом этган баҳслар сўнгида ўт очишни тўхтатиш, куч ишлатар тизимларини Киев марказидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилган ва жума кунига қадар танаффус эълон қилган.

Ҳукумат маълумотига кўра, пайшанба куни бир нафар хавфсизлик ходими ўлдирилган ва намойишчилар томонидан 67 нафар милиция ходими қўлга олинган. Пайшанбага ўтар кечаси уларни қўйиб юборишган.

Оқ Уй баёнот чиқариб, Украина хавфсизлик кучлари ўз халқига қарши автоматик қуролни ишлатаётганидан таассуб билдирган ва мамлакатдаги инқирозни тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирган.

Оврўпо Иттифоқи эса можаро учун масъул деб билинган украин давлат мулозимларига нисбатан санкциялар қўлланишини маълум қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ