Украина: Юлия Тимошенко озодликка чиқди

Image caption Тимошенко хоним касалхона ҳудудини автомобилда тарк этган.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко ҳибсда сақланган Харьковдаги касалхонадан чиқарилган.

Тимошенко хоним касалхона ҳудудини автомобилда тарк этган. Озод бўлиш олдидан у касалхона биноси олдида тўпланган тарафдорларига қарата қўл силкиган.

Собиқ бош вазир 2014 йил 25 майда ўтиши эълон қилинган муддатидан олдинги президентлик сайловларида қатнашиш истагини билдиргани айтилмоқда.

Украина Олий Радаси бугун президентнинг имзосисиз қамоқдаги собиқ бош вазир Юлия Тимошенкони озод этиш ҳақида қарор қабул қилди.

Спикер Турчиновнинг таъкидлашича, ҳозир Тимошенкога нисбатан хавф борлиги боис, шошилинч қарор чиқаришга тўғри келган.

Тимошенко хоним 2009 йилда Россия билан газ тўғрисидаги шартномани имзолашда хизмат вазифасини суистеъмол қилишда айбланиб, 2011 йил етти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Бундан олдин, Олий Рада мамлакатда 2004 йилги конституция тикланиши ва Украинада парламент-президентлик бошқаруви жорий этилишини билдирган эди.

Олий Рада амал қилиши учун президент имзоси талаб этилмайдиган қарор чиқаришни лозим топган.

Парламент спикери Александр Турчиновга кўра, 2004 йилги конституция Радага президент иштирокисиз ҳукуматни тузиш имконини беради.

Рада қарорини мажлислар залида рўйхатдан ўтган 331 депутатдан 325 таси ёқлаган.

Януковичнинг маълум муддат қаерда эканлиги номаълум қолганди.

22 февралда деярли бир кун қаердалиги маълум бўлмаган Украина Президенти Виктор Януковичнинг телемурожаати давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган. Киевдаги сўнгги ҳодисаларни у давлат тўнтаришига уриниш, ёввойилик, бандитлик деб таърифлаган.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Украинадаги воқеаларни "давлат мустақиллигига дахл қилиш" деб атаган ва музокараларда қатнашган Полша, Олмония, Франция ҳукуматларидан келишувга риоя қилмаган мухолифатга таъсир ўтказишга чақирган.

"Беркут"чилар қидирилмоқда

Хабар қилинишича, Киевдаги президент қароргоҳида ҳозир қўриқчилар кўринмайди, у ерда фаоллар йиғилишган.

Шунингдек, Киевдаги "Жуляне" аэропортига кирадиган машина ва йўловчиларни текшириш бошланган.

Би-би-си мухбирининг айтишича, фаолларнинг қўлларида 1467 кишининг исми-шарифи ёзилган рўйхат бўлиб, қидирилаётганларнинг аксарияти "Беркут" жангчилари, депутат ва давлат мулозимларидир.

Фаоллар рўйхатдагилардан ҳали ҳеч кимни топмаганларини айтганлар.