Толиблар Афғонистондаги ҳарбий базага ҳужум қилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

23 феврал, якшанба куни Афғонистоннинг Покистон билан чегарадаги Кунар вилоятида толиблар армиянинг ҳарбий базасига ҳужум уюштирган.

Маҳаллий расмийларнинг айтишича, тўқнашувда камида 20 афғон ҳарбийси ҳалок бўлган. Шунингдек, жангарилар камида етти кишини асир олган. Уларнинг тақдири номаълум қолмоқда.

Афғон ҳарбийлари қутқариш амалиётини бошланганлар. Бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган.

Ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган Толибон ҳам бошқа хабар тарқатмаган.

Шу билан бирга, Толибон ўғирлаган америкалик ҳарбий Бой Бергдала учун Гуантанамода сақланаётган беш толибон жангарисини алмаштириш ҳақидаги музокараларни ҳам тўхтатгани айтилмоқда. Толибон бу қарорини Афғонистондаги мураккаб сиёсий вазият билан изоҳлаган.

Толибларнинг Афғонистондаги маҳаллий ҳарбий ва полициячиларга ҳужуми тез-тез содир бўлиб туради. 2013 йилда минглаб шундай ҳолатлар қайд этилган.

Маҳаллий полиция кучлари ҳар ҳафта қурбонлар берилишини айтади.

2014 йилда Афғонистондан хорижий кучар чиқиб кетиши кутилар экан, маҳаллий армия мамлакатдаги хавфсизликни қанчалик таъминлай олиши ҳақида хавотирлар пайдо бўлган.

Экспертлар Афғон армиясида замонавий қуролларнинг етишмаслиги ва ҳарбийларнинг етарли тажрибага эга эмаслигини айтиб, уларнинг хавфсизликни таъминлай олишига шубҳа билдирадилар.