Ингуш оқсоқоллари сургун даҳшатларини унутишмаган

Image caption Исо Ҳашиев оиласи 13 йил давомида Қуръони карим ва бобо мерос ханжарларни сургунда яширишга мажбур бўлишганди

Бундан етмиш йил аввал, 1944 йилнинг феврал ойида ярим миллион чечен ва ингушларни чорва каби ҳайдаб, юк машиналари ва поезд вагонларига қамаб, Совет Иттифоқининг энг чекка минтақаларига бадарға қилишганди.

Ўн уч йил кейин яна ватанларига қайтиш учун изн беришганига қадар сургун қилинганларнинг қарийб учдан бир қисми қурбон бўлган.

"Саҳар чоғи беш аскар уйма уй юриб барча эркакларни йиғиштириб олиб кетди. Энг кичиги ўн тўрт ёшда эди. Мен ўн ёшда эдим. Кейин улар бизнинг барчамизни бу ердан бадарға қилишларини айтди”, дейди Исо Хашиев.

"Оиламизда 10 киши бор эди, ота-онам, бувим ва етти фарзанд ... Мен энг каттаси, кенжа синглим уч ойлик чақалоқ эди. Бизни сургун қилиш учун келган аскар жуда хушмуомала эди. Биз тушган юк машинага беш қоп дон ажратиб берди, рўзғор анжомларимизни ташишга ёрдамлашди. Шу аскар бўлмаганида биз омон қолмас эдик”, дейди у.

Бу юк машина билан улар темир йўл станциясига келишади. Кейин уларни яна ўнта оила билан чорва ташийдиган вагонга чиқаришади.

Хашиевнинг оиласи 15 кунлик сайёҳликдан кейин Қозоғистонга келиб тушади.

"На сув бор эди, на овқат...Ожизроқларимиз очликдан қийналишар, кучи етганлар поезддан тушиб озиқ-овқат қидириб келишарди. Айримлар йўлда жон беришди. Бизнинг вагонда ўлганлар бўлмади, аммо қўшни вагондан икки жасадни туширишганини кўрдим”, деб хотирлайди Хашиев.

Улар Кўкчетовга етиб келишганида ярим тун эди. Совуқ.

"Ўша кеча чақалоқ синглим ўлиб қолди. Дадам уни кўмиш учун бирор ер ахтарарди. Охири уни кўмдик. Совуқдан музлаб ўлганди бечора”, дейди Исо Хашиев.

Сургун қилинганларга маҳаллий аҳоли жой беради. Ҳамма ҳам бағрини очиб кутиб олмайди уларни...

Хашиевнинг хотирлашича, бир аёл уни ўз уйига киритмайди, кимдир унга ингушларни одамхўр деб тасвирлаган экан...

Аммо алал-оқибат аёл эшигини очади, шунда ҳам бу мажбурий меҳмонларга гапирмайди.

Хашиев сургун қилинган юз минг нафар ингушнинг бири, айнан ўша пайтда қариб ярим миллион чеченлар ҳам ватанларидан қувилганлар.

Олмон кучлари жануб томон илгарилар экан, Сталин азалдан русларга қарши бу халқлардан хавотирга тушади.

Асрнинг энг хунук ва энг йирик сургунларидан бири бўлган бу фожеали давр ҳақида Сталин даврида ҳеч ким гапиролмасди.

1953 йил Сталин ўлими мавзу бетидаги паранжини сал тортди.

Фақат 1957 йилга келибгина улар ўз ватанларига қайтишлари учун рухсат берилади.

Хашиев ҳозир 80 ёшда ва ўзи туғилган қишлоқда яшайди.