Эрдўған ўғли билан телефон суҳбатини "сохта" деб атади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўған "телефон суҳбати" юзасидан изоҳни парламент вакилларига берган

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған интернетга сизиб чиққан ўғли билан бўлган телефон суҳбати аудио ёзувларини сохта деб атади.

Телефон суҳбатида у гўёки ўғли билан йирик миқдордаги пулларни қаерга яширишни муҳокама қилади.

Бош вазирнинг парламентга айтишича, YouTube видеохостингига қўйилган аудиофайл "хиёнаткорона тўҳмат" бўлиб, айбдорлар жазосини олиши керак.

Эрдўған унинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни мўътадил мусулмонлар ҳаракати - "Хизмат" томонидан уюштирилган фитна, деб ҳисоблайди.

Телефон суҳбатида жаноб Эрдўған ўғли Билолдан уйдаги миллионлаб еврони яширишни сўрайди.

Турк мухолифати айни аудио ёзувлар туфайли ундан истеъфога чиқишни талаб қилганлар.

Ҳаққонийлиги исботланмаган телефон суҳбати гўёки декабр ойида бўлиб ўтган.

Ўшанда бош вазирнинг тижорий ҳамкорлари ва уч вазирнинг ўғли пора бериш ва олишга алоқадорлик айбловлари билан ҳибсга олинган эди.

Мухбирлар сўзларига кўра, коррупция айбловлари билан бошлатилган текширув 11 йилдан буён иқтидорда бўлган жаноб Эрўған ҳокимиятини март ойига белгиланган сайловлар олдидан савол остига ола бошлади.

Жаноб Эрдўған идораси душанба ошқомида баёнот чиқариб, "телефон суҳбатларининг интернетда тарқалиши жаноб Эрдўғанни обрўсизлантиришга қаратилган кампаниянинг бир қисми" дея билдирди.

"Бу ифлос дасисани ўйлаб топганлар Туркия Жумҳурияти бош вазирини ҳадафга олмоқда ва улар қонун ўнгида жавоб берадилар," дея таъкидланади баёнотда.

Image caption Фетҳуллаҳ Гулен Туркия ичкарисида "параллел давлат" қуришга уринаётганликда айбланади

Жаноб Эрдўған душанба куни кечқурун Туркия истиҳбороти раҳбари билан учрашган ва сешанба куни "телефон суҳбати" бўйича изоҳ берган.

Ўзи асос солган АК партиясининг парламентдаги вакиллари ўнгида гапирган жаноб Эрдўған аудио ёзувлар "уятсизлик билан монтаж" қилингани ва бу амал шахсан унинг ўзига қарши ҳужум эканини айтган.

Сешанба кунига қадар ушбу аудио суҳбатни интернетда 1.5 миллион одам тинглаган.

Бир кун муқаддам Туркия ҳукумати расмийлари охирги уч йил ичида минглаб одамлар, жумладан юқори сиёсатчилар телефон суҳбатлари уларни ёмонотлиқ қилиш ва жиноий ишлар очиш мақсадида тингланганини айтганлар.

Ҳукуматпараст икки газета - "Yeni Safak" ва "Star" даъвосига кўра, телефон суҳбатлари АҚШда истиқомат қилувчи диний пешво Фетҳуллаҳ Гюленга яқин прокурорлар топшириғи билан ёзиб олинган.

Прокурорлар бу айбловларни рад этганлар.

Жаноб Эрдўған ўзининг собиқ иттифоқчиси бўлган жаноб Гюленни Туркияда "параллел" давлат қуришга уринаётганликда айблаган.

Бу мавзуда батафсилроқ