Мисрда маҳкама 26 нафар инсонни сиртдан ўлимга ҳукм этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Маҳкама 26 нафар шахсни мамлакат армиясига қарши ҳужумларда айблаган

Миср маҳкамаси 26 нафар шахсни Сувайш каналидан фойдаланувчи кемаларга ҳужум қилиш мақсадини кўзлаган "террор гуруҳи"ни тузгани учун ўлим жазосига ҳукм этган.

Миср маҳаллий матбуотининг ҳакамларга иқтибосан хабар беришича, бу шахслар шунингдек ракета ва портловчи моддаларни ишлаб чиқаришда айбланганлар.

Рейтер хабар агентлигига кўра, айбланувчиларга ҳукм сиртдан чиқарилган.

Бир кун муқаддам янги тайинланган бош вазир Иброҳим Маҳлаб "террорни мамлакатнинг барча нуқталарида йўқ қилиш"га ваъда берганди.

Душанба куни муваққат бош вазир Ҳазим Беблавий кутилмаганда истеъфо бериши ортидан жаноб Маҳлабга янги ҳукуматни тузиш вазифаси топширилганди.

Жаноб Беблавий ҳарбийлар президент Муҳаммад Мурсийни ағдариши ортидан ўтган йил июл ойида бош вазир этиб тайинланганди.

Ўшандан буён, хавфсизлик кучлари томонидан Муҳаммад Мурсий аъзо бўлган "Мусулмон Биродарлиги" ҳаракатига қарши йўлга қўйилган амалиётда бир мингдан зиёд инсон ҳалок этилди ва яна минглаб инсонлар яраланди.

Айни пайтда Синай ярим оролида жойлашган жангарилар ҳукумат, полиция ва армия кучларига қарши ҳужумларни кучайтириб, юздан ортиқ инсонни ҳалок этганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ