Таҳлил: Икки Толибон раҳбарининг кетма-кет ўлими нимани англатади?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, хорижий иттифоқ қўшинлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай ортга қайтаётган, Покистон ва Афғонистоннинг тинчлик музокараларига оид сўнгги уринишлари ҳам аро йўлда қолган бир манзарада Толибон ҳаракати икки юқори мартабали мулозимининг ўлдирилиши яна бир бор вазиятнинг қанчалик чигал эканини кўрсатади.

Яъни аввалига Афғонистон Толибон ҳаракатининг сулҳпарвар етакчиларидан Мавлавий Абдул Рақиб, орадан бор-йўғи бир неча кун ўтиб, Покистон толибларининг худди шундай мавқеъда экани айтилувчи раҳбарларидан Исматуллоҳ Шоҳиннинг ўлдирилиши ва қотилларнинг ким экани номаълум қолаётгани ҳозир кўпчиликни ўйлантирмай қўймаган.

Хўш, воқеаларнинг бу каби ривожи нимага далолат қилади? Мавжуд вазият минтақадаги Толибон муаммосининг ечимида тинчлик музокаралари танлови иш бермаслигини англатадими? Икки юқори мартабали мулозимининг кетма-кет ўлими Толибон ҳаракати заифлигининг нишонаси бўлиши мумкинми? Уларнинг ўлимидан ким ва нега манфаатдор бўлиши мумкин?

Агар, сўнгги ҳодисаларга минтақавий таҳлилчилар бераётган баҳоларга қаралса, бунинг тамом тескариси...

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги 13 йиллик тажрибаси ва Покистон ҳукуматининг сўнгги йиллардаги амалиётлари минтақадаги Толибон муаммосининг ечимида ҳарбий танловнинг иш бермаслигини кўрсатган.

Устига устак, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда, йилларки, катта сондаги инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумларга масъулиятни расман ўз зиммасига олиб келаётганига қарамай, ҳаракат бу икки давлат ҳукуматлари томонидан террорчи ташкилот сифатида ҳам тан олинмаган.

Айрим таҳлилчиларга кўра, бу каби ҳолат уларга нисбатан муқобил бир стратегия ишлаб чиқиш имкониятини йўққа чиқарган.

Франциядан минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича эса, барча иштирокчи давлатларнинг 13 йиллик тажрибаси толибларни йўқ қилиб бўлмаслиги ҳамда Толибон муаммосининг ечими алал-оқибат фақат ва фақат тинчлик музокараларига бориб тақалиб қолишини кўрсатади.

"Толиблар шундай куч эканлигини исботладики, улар йўқ бўлиб кетмайди. Улар озиқланаётган асосий манба бу - жамият ва жамиятдаги муаммолар. Шунинг учун ҳам, уларни йўқ қилиш эмас, трасформация қилиш стратегияси мавжуд".

Воқеаларнинг сўнгги ривожига ўз баҳосини бераркан, таҳлилчи буни энг аввало мафкуравий ҳаракат сифатида Толибон ҳаракатининг марказлашмагани билан изоҳлайди.

"Ҳаракат бир қанча гуруҳлардан иборат. Ўз фаолиятини ҳар доим ҳам кучли координация қила олмайди. Биринчидан, улар бир-бирлари билан замонавий теле-коммуникация воситалари орқали мулоқот қилишдан қочишади. Яъни, қаерда эканликларини билиб олишларидан қўрқишади. Доимий равишда яшириниб юришади ва шунинг учун ҳам, улар ўртасидаги ўзаро тушунчалар ёки ўзаро қарашлар ҳар бир масалада ҳар доим ҳар хил бўлган", - дейди таҳлилчи.

Унинг айтишича, вазиятнинг қанчалик чигаллигини Ғарб бўладими-бошқа, Афғонистон билан ишлаётган барча томонлар яхши билишади ва тушунишади.

"Яъни, бир томондан ана шундай бўшлиқ бор. Иккинчи тарафдан, атрофдаги ўша иштирокчилар, ўйинчилар толибларни ўз ҳолига ҳам қўйиб қўя олмайди. Уларнинг мақсадлари эса, бир қанча бўлиши мумкин: Бир томондан, толиблар ичидаги парокандаликни ёки кучайтириш, ёки уларнинг музокарага мойил бўлган, тинч "трансформация" тарафдор бўлган толибларни ажратиб олиш ва уларни кучайтириш ҳаракати...Яъни, параллел бир қанча вазифалар қўйилган бўлиши мумкин", - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, бундан бошқа барча муқобил йўллар қўллаб кўрилгани ва уларнинг ҳеч бир иш бермагани боис, ҳозир афғон можароси ечимидан манфаатдор томонлар қаршисида бошқа танлов қолмаган.

"Толибларни жисмонан йўқотиш, сиёсий куч сифатида йўқотиш амалга оширилмади. Яъни шундай вазифа қўйилган эди, аммо 2001 йилдан 2014 йилгача бу иш самара бермади. Ҳозир эса, ягона йўл, демак, имкон қадар толиблар билан музокарага киришиш. Улар марказлашмаган бўлишса-да, аксарияти тинчлик музокараларига тактика сифатида қарашса-да, бундан бошқа муқобил йўл йўқлиги маълум бўлаяпти", - дейди таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Таҳлилчи суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Ғарб учун Афғонистон муаммоси стратегик бир муаммо...

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Ғарб учун Афғонистон муаммоси стратегик бир муаммо ва бугун ҳамма уни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмаслигини яхши тушунади.

"Айнан Афғонистон масаласида Россиянинг ҳам, ғарбий Оврўпонинг ҳам, АҚШ ва бунга қўшимча Хитойнинг ҳам мавқеи якдил. Яъни, Афғонистон улар учун гео-стратегия масаласи эмас, глобал хавфсизлик масаласи. Глобал хавфсизлик масаласики, агар Афғонистон ўз ҳолига ташлаб қўйиладиган бўлса, 2001 йилдан олдинги ҳолатга қайтиши мумкин ва қайтатдан дунё миқёсидаги жиҳодчилар плацдармига айланиши мумкин".

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ҳар икки Толибон ҳаракати билан Ғарб, Покистон, Афғонистон ва қатор воситачи давлатларнинг тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари шу пайтгача улар бош раҳбариятининг иштирокисиз ва аксарият ҳолларда розилигисиз кечган.

Минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг энг сўнггида айтишича, "Толибоннинг тинч йўл билан сиёсий жараёнларда иштирок этишига эришилмас экан, бу - Афғонистонда ҳаракат мавқеининг кучайиши ва йиллар давомида шаклланиб келаётган ижтимоий, иқтисодий муаммолар билан биргаликда яқин келажакда толибларнинг очиқ жанговар хуружлар ва босиб олишлар босқичига ўтишлари эҳтимолини назардан соқит этмайди".

Эслатиб ўтиш жоиз, Покистон Толибон ҳаракати тинчлик музокараларига бориш учун бутун мамлакат бўйлаб Шариат қонунининг жорий этилишини талаб қилаётган бўлса, уларнинг Афғонистондаги ҳаракатдошлари афғон тупроғида бирор бир хориж аскарининг қолмаслигини исташади.

Ўзбекистонга шундоққина қўшни Афғонистон Толибон ҳаракати 13 йилдирки, афғон ҳукуматининг қўлдан қуролларини қўйиб, мамлакат конституциясини тан олиш шартни инкор этиб келади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан оммавий сафарбарликлари сўнгги йилларда жисмонан фаоллашган ҳаракатга руҳий далда бўлиб ҳам хизмат қилмоқда ва тинчлик музокараларида қўллари баланд келишига замин яратувчи омил вазифасини ҳам ўтамоқда.