Украинада милициянинг "Беркут" махсус хизмати тарқатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Беркут" Киевда намойишларни шафқатсиз бостиришда айбланмоқда.

Украина муваққат ички ишлар вазири Арсен Аваков "Беркут" махсус хизматини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Бундан олдин "Озодлик" фракцияси депутатлари Олий Рада йиғилишида "Беркут"ни тарқатиб юборишни таклиф қилгандилар.

"Беркут" Киевдаги намойишларни шафқатсиз бостиришда қатнашган, мухолифат аъзоларини ўғирлаш, уларни аёвсиз калтаклаганликда айбланмоқда. Милиция билан тўқнашувларда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлганди.

Айни пайтда милициянинг "Альфа"махсус бўлинмаси раҳбари Олег Присяжный жангчилари Майдондаги намойишларни бостиришда қатнашмаганлигини, далиллар бўйича текширув ўтказиш мумкинлигини айтмоқда.

Шунингдек у, "Биз ҳеч қаерга қочиб кетмаяпмиз, ўз вазифамиз ва топшириқларни бажаряпмиз", деган.

Киевдаги Майдонда одамлар кўп, улар янги ҳукуматнинг биринчи қарорини кутишмоқда.

Янги ҳукуматни тузиш ортга сурилмоқда. Олий Рада овоз беришни пайшанба кунга қолдирган.

Унгача янги сайланган вазирлар Майдонда одамлар олдида чиқиш қилишлари керак.

Мухолиф партияларнинг Майдондаги вечеси охирги марта 22 январда бўлиб ўтган эди.

Олий Рада раис ўринбосари Руслан Кошулинскийнинг айтишича, коалиция тузилмаётганининг икки сабаби бор - идеологик ва шахсий.

Идеологик сабаб шундан иборатки, "ҳар хил дунёқарашдаги одамлар коалиция, вазирлар маҳкамаси тузишлари, давлат қайси йўлдан ривожланишини аниқлаб олишлари керак.

Бундан ташқари, давлат лавозимини эгалламаган, бошқарув ишларида қатнашмаган одамлар билан муаммолар бор.

Бунда гап ҳукумат таркибига киритилиши айтилган фуқаролик жамияти вакиллари ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, Янукович президентлигида юқори лавозимда ишлаган шахслар бирин-кетин ишдан олинмоқда.

Муваққат президент Александр Турчинов сешанба куни Давлат қўриқлаш бошқармасининг раиси Сергея Кулик ва президент маслаҳатчиси Ирина Акимовани лавозимидан бўшатган.

Шунингдек, президент маслаҳатчилари Таисия Повалий, Сергей Бубка, Иван Плющ ва бошқа бир қанча шахслар ҳам вазифасидан озод қилинган.

АҚШ Молия вазирлиги хорижий банкларни Украина собиқ президенти Янукович ва унинг атрофидаги яқин кишилар томонидан шубҳали пул ўтказмалари амалга оширилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Қримда тўқнашувлар

Симферополда Майдон тарафдорлари ва аксилмайдончилар ўртасида тўқнашувлар кетмоқда, деб хабар беради Би-би-си мухбири.

Олий кенгаш биноси олдида йиғилганлар Қрим раҳбариятини Киевдаги янги ҳукуматни тан олмасликка чақирганлар.

Қрим татарлари жамияти ўз навбатида ҳукумат алмашинишини ёқлаб ўз акциясини ўтказган.