АҚШ Афғонистондан йил охирига қадар барча қўшинларини олиб чиқиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption АҚШ қўшинлари Афғонистонни 2001 йил кузида ишғол этганди

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон раҳбари Ҳомид Карзайга жорий йил охирига қадар Афғонистондан АҚШнинг ҳамма қўшинлари олиб чиқилиши мумкинлигини айтган.

Обама бу ҳақда Афғонистон президенти билан телефон мулоқоти чоғида маълум қилган.

Ҳомид Карзай Қўшма Штатлар билан мамлакати ўртасида хавфсизлик битимини имзолашдан бош тортиб келади.

Америка 2014 йилдан кейин Афғонистонда қанча аскар қолдириши юзасидан қарор олишидан олдин ҳамкорлик битимини имзолашни истайди.

АҚШ ўз қўшинларини Афғонистонга 2001 йил октябрида Толибон ҳокимиятини ағдариш учун киритган эди.

Америка армияси Ню-Йорк ва Вашингтон шаҳарларига 2001 йил сентябрида Ал-Қоида томонидан ҳужумлар содир этилиши ортидан Афғонистонни ишғол этганди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Толибонга қарши бўлган афғон кучлари ёрдамида Толибонни ҳокимиятни икки ой ичида ағдарди.

Бироқ, Толибон ўз рақибларига қарши партизанлар урушини бошлади ва ўн икки йилдан буён иттифоқчи ва афғон миллий кучларига қарши тинимсиз ҳужумлар уюштириб келади.

Ёмонлашаётган муносабатлар

Мухбирлар хабарларига кўра, хавфсизлик битими юзасидан келишмовчиликлар Америка маъмурияти ва Карзай ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашаётганини кўрсатади.

Ҳомид Карзай яқин-яқингача Американинг энг яқин иттифоқчиларидан бири саналарди.

2014 йилдан кейин Афғонистонда қоладиган Америка қўшинлари мақомини белгилаб берувчи хавфсизлик битимини имзолаш қарори 2013 йилда олинган эди.

Ноябр ойида бўлиб ўтган Афғонистон Лоя Жиргаси (Халқ Маслаҳати) битимни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Бироқ Карзай Толибон билан тинчлик музокараларини бошламасдан туриб, хафсизлик шартномасини имзоламаслигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, агар битим имзоланса, у Америка ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган афғонлар яқинлари ўнгида жавобгар бўлиб қолади.

Оқ Уй тарқатган расмий баёнотда таъкидланишича, агар Ҳомид Карзай хавфсизлик шартномасини имзоламаса, АҚШ "Б" планига ўтишга мажбур бўлади.

"Президент Обама агар АҚШ 2014 йилдан кейин Афғонистонда қўшин қолдирмасликка қарор қилса, қўшинларни олиб чиқишни ташкиллаштиришни Пентагон зиммасига юклади", - дейилади баёнотда.

Апрел ойида бўлиб ўтажак сайловларда президентликка номзодини сурган шахсларнинг баъзилари Карзайдан фарқли, АҚШ билан хавфсизлик шартномасини имзолашга тайёр эканликларини билдирганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ