Янукович Украина учун курашишини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украинанинг қудратдан кетказилган президенти Виктор Янукович Ростов-Дон шаҳрида берган матбуот анжуманида ўз мамлакати учун курашишини айтди.

"Мен Украина келажаги учун террор ва қўрқувга қарши курашни давом эттириш ниятидаман", деди Виктор Янукович.

"Бу янги маъмуриятни таърифлашга сўз тополмайман. Улар зўравонликни тарғиб қилувчи одамлар, Украина парламенти ноқонуний", дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, унга кўра, мамлакатда ҳозир қонунсизлик ва бошбошдоқлик давом этмоқда.

"Парламент қарорлари тазйиқ остида олинган", дейди Виктор Янукович.

Айни пайтда у Украина халқидан "барқарорликни сақлаб қолишга етарли кучи бўлмагани" ва "мамлакатдаги қонунсизлик" учун узр сўради.

Янукович жаноблари ўзининг "ағдарилмагани", аммо ҳаётига таҳдидлар туфайли Украинадан чиқиб кетишга мажбур бўлганини таъкидлади.

Виктор Янукович Украина ҳукуматини "ёш миллатчи неофашистлар" ишғол қилганини айтди.

Айни пайтда у "ҳеч қаерга қочмагани", автомашинасига ўқ узилганидан сўнг Киевдан шимоли-шарқда жойлашган Харков шаҳрига кетгани ҳақида гапирди. Жаноб Януковичнинг сўзларига кўра, хавфсизлик хавотирлари боис ўзи ва оиласи Украина бўйлаб сарсон кезишга мажбур бўлган.

Шунингдек, у Украина билан чегарадаги Ростов шаҳрида эски дўстининг уйидан қўним топганини маълум қилди.

Рус тилида сўзлаган жаноб Янукович ўзи ва оиласи учун хавфсизлик кафолати берилса, "имкон қадар тезроқ" Украина қайтиши мумкинлигини айтди.

Аммо, у 25 майда ўтказилиши режаланаётган сайловни ноқонуний дея таърифларкан, унда иштирок этиши эҳтимолини рад этди.

Виктор Янукович ўтган шанба куни аксилҳукумат намойишчиларнинг қонли бостирилиши ортидан вазифасидан четлатилган, ўшандан бери у илк бор омма кўз ўнгида кўриниш бермоқда.

Аввалроқ, Украина Бош прокурори Россиядан жаноб Януковични оммавий қотиллик гумонлари боис экстрадиция қилишни сўраши мумкинлигини айтди. Ўтган ҳафта намойишчилар ва полиция ўртасидаги зўравон тўқнашувлар туфайли 80дан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Айни пайтда аксар руслар истиқомат қилувчи ва Янукович катта дастакка эга Қрим минтақасида вазият таранглашган.

Жума куни Украина Ички ишлар вазири Россия денгизчи кучларини Севастопол ҳаво қўнолғасини ишғол қилишда айблаб чиққан.

Арсен Аваков буни "қуролли босқин" деб таърифлаган.

Россия Қора Денгиз Флоти эса, рус қўшинлари бу ишга бош қўшганлари ҳақидаги даъвони рад этган.

Аввалроқ, қуроллилар Севастополдаги эски аэропорт биносини қўлга олишгани ҳақида хабар қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ