Россия Украинага қўшин киритади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Федерацияси Кенгаши Президент Путиннинг Украинага қўшин киритиш таклифини бир овоздан маъқуллаган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Оврўпо Иттифоқи аъзолари душанба куни Украина инқирозини муҳокама қилиш учун йиғилади.

"Удар" партияси раҳбари Виталий Кличко Федерация Кенгаши қароридан сўнг, Украина парламентидан армияни мобилизация қилишга чақирган.

Олдинроқ Қримнинг янги бош вазири Сергей Аксенов Россиядан минтақада "тинчликни сақлаш"га ёрдам сўраган эди.

"Мен Россия Президенти Владимир Путинга Қрим Мухтор Республикаси ҳудудида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда кўмак беришни сўрайман", дейилади бош вазир Аксенов мурожаатида.

Пайшанба куни Қрим парламенти томонидан сайланган Сергей Аксенов шунингдек, Қрим Ички Ишлар вазирлиги, қуролли кучлари, чегара ва денгиз флоти устидан назоратни қўлга олганини таъкидлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Сергей Аксенов Россиядан минтақада "тинчликни сақлаш"га ёрдам сўраб мурожаат қилди.

"Ҳамма командирлар фақат менинг буйруғимга бўйсунишини маълум қиламан. Кимки буни инкор қилса, истеъфога чиқарилади", деган жаноб Аксенов.

Россия ўз ўрнида Қрим ҳукуматининг илтимоси эътиборсиз қолмаслигини баён этди.

Ҳарбий аралашув катта хато

АҚШ Президенти Москванинг Украинага ҳар қандай ҳарбий аралашуви катта хато бўлишидан огоҳлантирмоқда.

"Бу муаммога чуқур аралашишни англатади, Россия Украинанинг мустақиллиги ва чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиши ва халқаро қонунларга бўйсуниши лозим", деб айтган жаноб Обама.

Шунингдек, Обама Россия Украинага қўшин киритса, июнда Сочида ўтадиган "йирик йигирмалик" саммитида қатнашмоқчи эмас.

Украинанинг муваққат президенти Турчинов олдинроқ Россияни "қуролли муаммо" пайдо қилишга уринишда айблаганди.

Россиянинг БМТдаги элчиси Чуркин Россиянинг чегара ҳудудларидаги ҳаракати Украина билан келишув асосида бўлишини уқтирган.

Шанба куни Донецк вилоят ҳокимлигига Россия байроғи ўрнатилган. Харковда ҳам Қримнинг Россияга қўшилишини ёқлаган намойишлар бўлиб ўтган.

Қора Денгиз флоти матбуот хизмати билдиришича, Қрим ҳукумати ва Россиянинг Қора Денгиз флоти Россия базаларини биргаликда ҳимоя қилишга келишганлар.

Россия парламенти спикери Валентина Матвиенко "Федерация Кенгаши чекланган Россия қўшинларини Қримга киритиши мумкин", деб айтган. "Қрим ҳукумати илтимосига биноан, юзага келган вазиятни ҳисобга олиб Қора Денгиз флоти ва Қримдаги русларни ҳимоя қилишимиз лозим", деган у. Украина Мудофаа вазирлигига кўра, шанба куни Россия Қримга қўшимча олти минг ҳарбий киритгани маълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қримдаги вазият

Симферопол ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилгани хабар қилинади. Давлат телеканалини қуролли кишилар ўраб олишган. Би-би-си мухбирига кўра, шаҳарда ёзув ва белгисиз ҳарбий кийимдаги қуролли кишилар юришибди.

Қримда интернет ва телефон алоқасида узилишлар бор.

Украина оммавий ахборот воситалари янги ҳукумат расмийларига иқтибосан, Симферопол яқинида 2000 га яқин рус ҳарбийлари келтирилганини хабар берган. Россия тикучарлари Севастопол ва Симферопол ҳудудида кузатилган.

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков Россия денгизчи кучларини Севастопол ҳаво қўнолғасини ишғол қилишда айблаб чиққан. Буни "қуролли босқин" деб таърифлаган.

Россия Қора Денгиз Флоти эса, рус қўшинлари бу ишга бош қўшганлари ҳақидаги даъвони рад этади.

Шу билан бирга, Россия Президенти Украина билан чегара яқинида қўшинларни жанговор ҳушёр ҳолатга келтиришга буйруқ берган.

Киевда кечган зўравон тўқнашувлар ва президент Януковичнинг ағдарилишидан кейин Қримда вазият таранглашган.

Қрим Украина янги раҳбарлари ва Россияга садоқатли сиёсатчилар ўртасидаги асосий кураш майдонига айланган.

Қрим Киевдаги янги ҳукуматга бўйсунмаслигини ва Януковични президент деб билишини айтмоқда.

Украинанинг қудратдан кетказилган президенти Виктор Янукович ҳам Ростов-Дон шаҳрида берган матбуот анжуманида ўзи "ағдарилмагани", аммо ҳаётига таҳдидлар туфайли Украинадан чиқиб кетишга мажбур бўлганини таъкидлади.