"Чегара билмас шифокорлар"га Бирмада ишлашга яна рухсат берилди

Бирмада халқаро "Чегара билмас шифокорлар" хайрия ташкилотининг аксарият касалхоналари қайта очилган.

Бундан икки кун олдин Бирма ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб "Чегара билмас шифокорлар" касалхоналарини ёпиш ҳақида қарор чиқарганди.

Бироқ мусулмонлар яшайдиган ғарбий Рахине штатида касалхоналар ҳамон ёпиқ қолмоқда.

Бирма ҳукумати "Чегара билмас шифокорлар" ни Рахиненинг туб аҳолиси рохинга мусулмонларига кўмаклашиб, масалага бир томонлама ёндашаётганликда айблаган.

Ракхайнда буддойилар томонидан мусулмонларга қарши содир этилган зўравонликлардан сўнг минглаб мусулмонлар уйларини ташлаб чиққанлар.

Улар ҳануз оғир шароитда жамлоқларда яшаб келишади.

"Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти жароҳатланган инсонлар ҳамон яширинаётган бўлишлари мумкинлиги ва улар тиббий ёрдамга муҳтож бўлишлари мумкинлигини билдирган.

Рохингалар буддойилар уйларига ўт қўйиб, одамларни тириклайин ёқиб юборганларини айтганлар.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари рохингалар дунёда энг кўп босим ўтказалаётган мусулмонлар эканини айтиб, Бирма ҳукуматини муаммони ҳал қилишга чақирган.

Улар "хавфсизлик кучлари томонидан рохингаларга номутаносиб куч қўлланилгани ҳақидаги хабарлар"дан хавотир билдирганлар.

Бирма ҳукумати бу иддаоларни рад қилиб келади.

2012 йилда Рахине штатида буддойилар билан мусулмонлар ўртасидаги зўравонликлар оқибатида камида 200 мусулмон шафқатсизларча ўлдирилган.

Ўшанда ҳам минглаб мусулмонлар зўравонликлардан қочиб уйларини ташлаб чиқишганди.

2013 йилда мусулмонларга қарши зўравонликлар Бирманинг бошқа нуқталарида кузатилди.

2014 йилнинг январ ойида чегарадан Бангладешга қочиб ўтмоқчи бўлган бир неча мусулмон полиция томонидан ўлдирилганидан кейин вазият яна таранглашган.

Тўқнашувлар натижасида бир полициячи йўқолгани аниқлангач, полиция гуруҳи қишлоққа бостириб кирган ва ўндан ортиқ рохингаларни ўлдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ