НАТО Украинадаги вазиятдан хавотир билдирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Қримдаги мураккаблашиб бораётган вазиятни юмшатиш учун Россияни шошилинч чоралар кўришга чақирган.

Расмуссен Қримдаги нотинч вазият Овропадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдиддир, деган.

Олдинроқ, АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилган.

Икки мамлакат раҳбари 90 дақиқа телефонда мулоқот қилишган.

Телефон сўзлашувида Президент Барак Обама Украинага ўз қўшинларини юбориш билан Россия халқаро қонунларни бузаётганини айтган.

Кремл тарқатган хабарда Президент Обамага жавобан Президент Путин Россия ўз манфаатлари ва Украинадаги рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилишга ҳаққи борлигини айтган.

Украина қўшинлари жанговор ҳолатда

Украина қўшинлари тўла жанговар ҳолатга келтирилган. Украина мудофаа вазирлиги заҳирадагилар ҳам тайёрланаётганини айтган. Ҳарбий бўлинмалар кўнгиллиларни рўйхатга олиши мумкин.

Парламент аъзолари Россияни русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш баҳонаси билан қўшинларини мамлакатга киритганликда айблаган.

Олий Раданинг фавқулодда мажлиси Қримдаги вазият муҳокамаси ва Россия билан эҳтимолий уруш масаласига бағишлангани хабар қилинмоқда.

Украина муваққат президенти мурожаатида халқаро ҳамжамиятдан "Ўз мажбуриятларини бажаришда ҳудудий яхлитликни кафолатлаш, халқаро кузатувчиларни юбориш ва ядровий иншоотларни қўриқлашни сўраган".

Олександр Турчинов шунингдек, Украинанинг ҳаво ҳудудига фақат фуқаролик авиацияси қўйилишини билдирган. Олександр Турчинов билан гаплашган АҚШ давлат котиби Америка Украинани қувватлашини айтган.

Би-би-си мухбири Феодосиядаги ҳарбий базага Россиянинг ҳарбий техника ва аскарлари келтирилганини хабар беради.

Қуролсизланиш талаби

Турчиновга кўра, Қримда аҳвол жуда таранг. Ҳарбий бўлинмалар устидан назорат ўрнатмоқчи бўлган Россия ҳарбийларига қўмондонлар бўйсунмаганлар.

Шунингдек, баъзи украин ҳарбийлари истеъфо ҳақида ариза ёзиб қрим ҳукумати томонга ўтаётгани ҳақида хабарлар ҳам бор. Қолдирилган қурол, ҳарбий техникалар Қримнинг ўз ўзини ҳимоя қилиш кучлари назоратига ўтган.

Би-би-си мухбирига кўра, Симферополда қрим татарлар аҳолини бузғунчиликка берилмасликка чақириб, тартибни сақлаш учун кўнгилли гуруҳлар тузишмоқда.

Намойишлар

Днепропетровск ва Николаевда Украинанинг бирлиги учун намойишлар бўлган.

Москвада ҳам Украинага қарши урушни қоралаб Мудофаа вазирлиги олдида одамлар тўпланганлар. ОМОН ўнлаб кишиларни ушлаб кетгани хабар қилинади.

Шу билан бир вақтда, Санкт-Петербургда Федерация кенгашининг қарорини маъқуллаган намойиш йиғилган."Ягона Россия" партияси уюштирган акцияда 15 минггача киши қатнашган.

Украинадаги ҳозирги вазият боис, 25 майга белгиланган президентлик сайловлари муддатида ўтказилмаслиги мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ