Москва "Қримни ишғол қилиши" ҳақидаги хабарларни рад этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Мудофаа вазирлигига кўра, Қора Денгиз флоти қўмондони Александр Витко Қримдаги Украина ҳарбийларига 4 март эрта тонггача Қрим ҳокимиятига бўйсуниш шартини қўйган.

Акс ҳолда, Россия қўшинлари Қримдаги ҳарбий базаларни ишғол қилинишидан огоҳлантиргани айтилди.

Айни пайтда Россия Қора Денгиз флоти бу хабарларни рад қилмоқда. Россия томонига кўра, Қримдаги ҳарбий базаларни ишғол қилиш ҳақида ҳеч қандай режа йўқ.

"Бу бутунлай бемаънилик, қип-қизил ёлғон. Биз ҳар куни украиналик ҳамкасбларимизга нисбатан куч ишлатишимиз ҳақида янграётган айбловларга кўникиб қолдик", деб айтган Россия Қора Денгиз флоти вакили Интерфаксга.

Қрим Мудофаа вазирлиги Би-би-сининг Украина хизматига Россия шарти ҳақида хабар берганди.

"Мен Украина флоти зобитлари билан гаплашдим. Уларнинг бортида вице-адмирал Александр Витко бўлиб, ушбу ультиматумни билдирган. Бугундан бошлаб бизнинг икки кемамиз Севастополда Россиянинг бир неча кемалари билан тўсиб қўйилди".

Талаб шундан иборатки, "Эртагача Қримнинг янги ҳокимияти томон ўтиш ёки қуролларни топшириш, ёки исталган томонга равона бўлиш"ни англатади, деб айтган Қрим Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Владислав Селезнев.

Жаноб Селезнев Украина ҳарбийлари ҳар қандай вазиятда қасамёдларига содиқ қолишларини таъкидлаган.

"Россия агрессиясини тўхтатиш лозим"

Украинанинг Оврўпо Иттифоқидаги элчиси Константин Елисеевга кўра, Россия агрессияси халқаро ҳуқуқ тизимига ҳужум ва уни зудлик билан тўхтатиш лозим.

Хавфсизлик масалалари бўйича Ян Бжезински айтишича, Қримдаги вазиятни назоратга олишнинг йўлларидан бири НАТОнинг тезликда ҳарбий жавобини, яъни НАТО кемаларини Қора Денгизга киритилишини кўриб чиқишдир.

Украина Россия билан чегараларида назоратни кучайтирган.

АҚШнинг Оврўпо ва Осиё мамлакатлари бўйича вакили Виктория Нуланд Россия билан мавжуд муаммони 21 асрга мос, музокаралар воситасида ҳал қилишнинг барча йўллари кўрилаётганини айтди.

Львов Қримдан қочиб ўтаётганларни қабул қила бошлагани айтилмоқда.

Маълумотларга қараганда, ҳозиргача 20 дан ортиқ оила Қрим Овромайдонида қатнашгани учун таҳдидлар боис уйларини ташлаб чиққан.