"Украинага қўшин киритишни Янукович сўради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Россия қуролли кучларининг Украинага киритилиши президент Виктор Януковичнинг ёзма илтимосига кўра амалга оширилди", деб айтган БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши навбатдан ташқари йиғилишида Россиянинг доимий вакили Виталий Чуркин.

БМТ йиғилишида Януковичнинг 2014 йил 1 мартда ёзган хатини кўрсатган Чуркин ундан "Президент Владимир Владимирович Путинга мурожаат этиб, Украинада қонун ва тинчликни ўрнатиш учун Россия кучларидан фойдаланишни илтимос қиламан", деган сўзларини иқтибос келтиради.

Бундан аввал Олий Рада томонидан қудратдан кеткизилган президент Виктор Янукович ўзини ағдарилмагани, ҳали ҳам Украинанинг қонуний президенти эканлигини айтганди.

28 февралдаги Ростовда ўтказган матбуот анжуманида жаноб Янукович "Украинага ҳарбий аралашув ва ҳудудий бирлигига дахл қилинишига қатъий қарши" эканини билдирган.

Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага қарши ҳаракатларини кескин қоралаб, қўшинларини ўз базасига қайтаришни, акс ҳолда қаттиқ жазо чоралари киритилишидан огоҳлантирди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг 3 март куни Брюсселда ўтказилган шошилинч мажлисида Россияга қўйилган талаблар бажарилиши учун пайшанбагача муҳлат берилди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Россия билан визасиз тизим ҳақидаги музокараларни тўхтатиб туришга қарор қилди. Россия ва Оврўпо Иттифоқи 2007 йилдан буён Россиянинг ташаббуси билан Европа давлатларига визасиз тизим борасида музокаралар олиб боради.

Ташқи ишлар вазирларининг мурожаатида айтилишича, Россия Қримдаги қўшинларини ҳарбий базаларига қайтармаса, унга қарши дипломатик ва иқтисодий санкциялар қўлланилиши мумкин.

АҚШ Украинадаги муаммо ҳал бўлгунига қадар Россия билан ҳар қандай турдаги ҳарбий, савдо ва инвестиция алоқаларини тўхтатди.

Якшанба куни Барак Обама Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадаги вазиятни 90 дақиқа телефонда муҳокама қилган.

Телефон сўзлашувида Президент Барак Обама Украинага ўз қўшинларини юбориш билан Россия халқаро қонунларни бузаётганини айтган.

Обамага жавобан Президент Путин Россия ўз манфаатлари ва Украинадаги рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилишга ҳаққи борлигини таъкидлаган.