Путин: Россиянинг Украинага қўшин киритишга ҳаққи бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин Украинанинг янги ҳукуматини мамлакатни хаосга туширганликда айблаган.

Россия Президенти Владимир Путин Украинага қарши армияни қўллаш зарурияти ҳозирча йўқлиги, бироқ бу эътибордан соқит қилинмаслигини айтган.

Шу билан бирга жаноб Путин Янукович Украинанинг қонуний президентлигини таъкидлаб, янги ҳукуматни конституцияга зид давлат тўнтаришида айблаган.

"Виктор Януковичда айни пайтда амалдаги ҳокимият бўлмаса ҳам, у қонуний президент бўлиб қолади", деб айтган Путин тўсатдан ўтказилган матбуот анжуманида.

"Бу конституцияга қарши, ҳокимиятни қуролли босиб олишдир. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Ким бу ҳақда баҳслаша олади? Лекин нима учун улар бундай қилишди? Бу саволга мен ҳам, мен билан телефонда узоқ гаплашган ҳамкасбларим ҳам жавоб беришолмаяпти. Нима учун қонунга зид ҳаракат билан шуғулланиб, мамлакат бугун тушган аҳволга олиб келиш керак эди? Бу саволга эса жавоб йўқ", дейди Россия Президенти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Януковичнинг сиёсий келажаги йўқ

Путиннинг сўзларига кўра, Оврўпо Иттифоқи воситачилигида 21 февралда ҳукумат ва мухолифат ўртасида тузилган келишувга биноан Виктор Янукович шундай ҳам ҳокимиятдан айрилган эди. Унда қайта сайланиш имконлари деярли йўқ эди.

Лекин шуни кўра туриб, мухолифатга мамлакатни шундай аҳволга олиб келиш нега керак бўлди?- деб савол қўйган Путин.

Путин шунингдек, Януковичнинг сиёсий келажаги энди йўқлигини, Москва уни "инсонпарварлик нуқтаи назаридан"- ҳаётига Украинада хавф туғилгани боис қабул қилганини қайд этган.

Унинг фикрича, Украина ҳукумати қисман қонуний, бироқ вақтинча президент вазифасининг қонунийлиги ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас.

Украинадаги коррупция Россиянинг тушига ҳам кирмаган чўққига чиққанини, халқ учун ҳар қандай ҳукуматда ҳам яхши яшаш имкони қолмаганини айтади Путин.

"Менинг назаримда бу инқилобий вазият Украинанинг мустақилликка эришган дастлабки пайтиданоқ пайдо бўлган ва пишиб келган".

"Биз ҳозир ҳамма ёқда миллатчилар, антисемист, неонацистларни кўрмоқдамиз", дейди жаноб Путин Киевдаги вазият ҳақида.

Агар бу вазият шарқий ҳудудларда ҳам бошланганини кўрарканмиз, ўзимиздаги барча воситаларни ишлатиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз", дея таъкидлайди Россия президенти.

Путин Россиянинг Қримни ўзига қўшиб олиш режаси йўқлигини айтган. Россия Президентига кўра, Украинада Россия қўшинлари йўқ ва ҳозирча бўлмайди. Жаноб Путиннинг айтишича, Қримдаги ҳеч қандай белгисиз қуроллилар рус аскарлари эмас, балки маҳаллий ўз-ўзини мудофаа кучларидир.

Бугун эрталаб Россия қўшинлари деб ишонилган ҳарбийлар Қримдаги Белбек ҳарбий ҳаво базасини назорат остига олган. Улар украин ҳарбийларидан базага яқинлашмасликни талаб қилишган ва ҳавога огоҳлантирувчи ўт очганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Сизда ҳаммаси қонунийми?"

Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага қарши ҳаракатини қоралаб, ҳарбий аралашув халқаро ҳуқуқларни бузилиши эканини билдиришди.

Йирик саккизлик давлат раҳбарлари Сочида ўтиши режаланган саммит тайёргарлигини тўхтатишди.

Обама Путин билан Украина муаммосини 90 дақиқа давомида телефонда муҳокама қилган.

"Бизни доим ноқонуний ҳаракатларда айблашади. Лекин мен сиз ўзингизнинг ҳамма ҳаракатингизни қонуний деб биласизми, деб сўрасам, ҳа дейишади. АҚШнинг Афғонистон, Ироқ, Ливиядаги ҳаракатларини эслатиб қўйишга тўғри келади", дейди Путин жаноблари.