Қрим парламентида Россия таркибига кириш учун овоз берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қрим Олий кенгаши Россия Федерацияси таркибига мухтор республика бўлиб кириш ҳақида қарор бергани хабар қилинмоқда.

Шу билан бирга бу борада референдум ўтказишга келишилган.

Қрим парламенти қарорига кўра, 2014 йил 16 мартда умумқрим референдуми ўтказилиши керак.

Кўпчилик овоз олиб қабул қилинган қарор Қрим халқининг истагини акс эттиради, дейилади ҳужжатда.

Қрим парламенти шунингдек Россия президентига мурожаат этиб, Қримни Россия таркибига қўшиб олиш жараёнини бошлашни таклиф қилган.

Бундан олдин мухтор республика олий кенгаши тарқатган хабарга қараганда, референдумда "Қримнинг Россияга таркибига киришини ёқлайсизми?" ва "Қримнинг 1992 йил конституцияси тикланишига овоз берасизми?" деган саволлар қўйилади.

Қрим Олий кенгаши раис маслаҳатчиси Андрей Никофоров Россия ҳукуматининг ушбу қарорга муносабатини кутаётганини айтади Би-би-сига.

"Россия ўз муносабатини билдиргач, мухторият тўғрисида референдум бўлиб ўтади", дейди Никофоров.

"Адолатли Россия" партияси раиси Сергей Мироновнинг сўзича, Давлат Думаси кейинги ҳафтада Қримнинг Россияга қўшилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиши мумкин.

Оврўпо Иттифоқи Брюсселда ўтказаётган шошилинч мажлисида Россия армиясининг Қримга киритилишини муҳокама қилмоқда.

Иттифоққа аъзо баъзи шарқий Оврўпо давлатлари Россияга нисбатан кескин чоралар кўрилиши тарафдори. Олмония дохил бир қатор давлат вакиллари Россияга дипломатик босим ўтказиш таклифини бермоқда.

Оврўпо Иттифоқи йиғилишига Украина муваққат вазири Арсений Яценюк ҳам қатнашяпти.

Бу мавзуда батафсилроқ