Мустафо Жамилўғли: Қрим татарлари Россияга қўшилишга қарши

  • 6 Март 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қрим парламенти Украина таркибидаги Қримнинг Россияга қўшилишини ёқлаб овоз берган.

16 март куни айни масала юзасидан референдум ўтказилади, аксарият кўпчиликни ташкил этувчи русийзабон аҳолининг уни қўлаб қувватлашига шубҳа йўқ.

Парламент расман ажралиб чиқиш масаласини ҳал қилиш қудратига эга эмас, аммо ҳозир Россия амалда Қрим ярим оролини назорат қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати Украина парламенти депутати ва қрим татарлари раҳбарларидан Мустафо Жамилўғли билан боғланиб, референдумга муносабатини сўради.

Мустафо Жамилўғли: Бизнинг ҳудудларимизга Россиянинг ички минтақаларидан аҳолини кўчириб келиб, ерлаштиришмоқда. Ерли аҳоли масаланинг бу шаклда қўйилишига мутлақо қарши. Бу Россия томонидан очиқчасига Қримни босиб олишни англатади. Биз бу референдумни қандай ўтказишларини жуда яхши биламиз. Ҳарбий ишғол шароитида референдум ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин? Биз зудлик билан Россия қўшинларини Қримдан олиб чиқишни талаб қиламиз. Шундан кейингина бошқа масалаларни муҳокама қилишимиз мумкин.

Би-би-си: Аммо референдумни тўхтатиб қоладиган биронта куч борми ҳозирда?

Мустафо Жамилўғли: Ҳаммаси жаҳон ҳамжамиятининг ҳаракатларига, уларнинг қанчалик қатъият билан амал қилишларига боғлиқ. Агар улар фақат баёнотлар билан чекланиб, амалда ҳеч нарса қилишмаса, Россия хоҳлаган ишини қилади. Ҳозирнинг ўзида Россия Қримни ишғол қилиб бўлган. Улар очиқчасига Қримни ўзларига қўшиб олишаяпти.

Би-би-си: Референдум Қрим парламентининг Россияга қўшилиш қарорини маъқулласа, қрим татарларининг қадамлари қандай бўлади?

Мустафо Жамилўғли: Биз бунга мутлақо қаршимиз. Бизнинг Россия билан урушадиган армиямиз йўқ, биз фақат норозилигимизни билдирамиз. Аммо бизнинг овозимизни ким ҳам эшитарди? Бу ерда ғарб давлатларининг фаол ҳаракат қилишлари жуда ҳам муҳим.

Би-би-си: Кеча Парижда, бугун мана Брюсселда Қрим ва умуман Украинадаги инқироз масаласи муҳкама қилинмоқда. Қримнинг ўзида қандайдир музокаралар ёки музокара олиб бориш уринишлари борми?

Мустафо Жамилўғли: Ҳеч қандай музокаралар йўқ. Руслар хоҳлаган буйруғини бериб ётибди. Улар Қримни қўшиб олмоқчи. Қримнинг қўғирчоқ раҳбарияти эса шу йўналишда зарур бўлган барча қарорларни қабул қилмоқда. Россия кучлари Қримдаги Украинага тегишли барча иншоотларни босиб олаяпти. Жумладан, ҳарбий қисмларни ҳам. Бутун дунёнинг кўз ўнгида бир давлат иккинчи бир давлатнинг ерларини босиб олаяпти. Ҳозир ҳамма гап Россияга қандай жавоб берилишида. Яъни ғарб давлатлари Қрим масаласида нимадир қиладими ёки жим қараб турадиларми?

Би-би-си: Ғарб давлатлари сизнингча, нима қилиши керак?

Мустафо Жамилўғли: Уларнинг ўзлари нима қила олишларини яхшироқ билишади. Мен уруш қилиш керак деяётганим йўқ. Аммо Россиянинг тажовузини тўхтатиб қолиш учун нима зарур бўлса, ҳамма нарсани қилиш керак. Жазо чоралари, йўлларни тўсиб қўйиш- нима қилиб бўлса ҳам, бу босқинчиликни тўхтатиш зарур!.