"Қримликлар ҳаётлари буткул ўзгариб кетишидан хавотирда"

Image caption Қримликликлар ўзгаришларни оғриқли қабул қилишмоқда, деб айтади Линур Юнусов.

Украина атрофидаги воқеалар ривожланишда давом этаркан, Россия парламентининг олий палатаси Қрим Олий Кенгашининг пайшанба кунги қарорини қўллаб чиққан.

Олий палатага кўра, агар, референдумда Қрим халқининг аксарияти ёқлаб овоз берса, улар ҳам минтақанинг Россияга қўшилишини дастаклашади.

Қримнинг Россия таркибигига кириши керакми-йўқлигига оид референдум яна тўққиз кундан кейин бўлиб ўтади.

Ғарб томонига кўра эса, бўлажак референдум Украина конституциясига зид бир иш бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Қримдаги сўнгги вазият ва одамлар орасидаги кайфиятни билиш учун маҳаллий журналист Линур Юнусов билан боғланди:

Линур Юнусов : Вазият анча нотинч. Одамлар қайғуда. Ҳавода, урушники деб бўлмаса-да, қандайдир ёқимсиз бир кайфият ҳукмрон. Чунки ён-атрофда қуроллилар тиқилиб кетган. Ўзларини танитмасликка ҳаракат қилишаётган бўлса ҳам, уларнинг россияликлар экани ҳаммага беш қўлдек аён. Буни ўзлари ҳам билдириб қўйишади. Агар, ўз кузатувларимдан келиб чиқиб айтсам, Қримнинг аксарият аҳолиси ўзгаришларга тайёр эмас. Устига устак, чегараларнинг ёпиб қўйилиши ёки минтақанинг Украинадан бўлиб ташланиши каби янгиликларга. Мен жуда кўп одамлар билан гаплашдим. Аксарияти оиласи, бола-чақасининг омонлигини ўйлаб, бу ердан кетишмоқчи. Вақтинчаликка. Кўпчилик пойтахт Киев ва Львовдаги яқинлариникига бориш ҳаракатида.

Би-би-си: Бозору дўкон, мактабу боғча, касалхонаю шифохоналар очиқми? Одамларга хизмат кўрсатишаяптими? Бирор бир маҳсулот тақчиллиги юзага келгани қанчалик кузатилади?

Линур Юнусов : Ҳа, ҳамма нарса ишлаяпти. Мактаблар ҳам очиқ. Аммо ўқувчиларнинг сони саноқли бўлиб қолган. Ота-оналари қўрқиб, болаларини мактабга юбормай қўйишган. Қолганлар эса, аллақачон бошқа ерларга кетиб бўлишган. Дўконларда ҳам бирор нарса тақчил эмас. Аммо турли ёрма ва консерваларнинг чўғи кам. Одамлар қўрқиб, ғамлаб қўйишган. Нон-пон, қолган маҳсулотларни бемалол топса бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳамма ёқда қуроллилар.

Би-би-си: Мана, сиз, Қримнинг ўзидасиз. Ҳозир у ердаги одамларнинг асосий қайғуси нима? Улар кўпроқ нимадан ташвишда?

Линур Юнусов : Биласизми, бу ердаги аксарият ҳалиям Шўрочасига ўйлашади. Ҳар қандай ўзгаришларни жуда оғриқли қабул қилишади. Дейлик, собиқ Шўролар Иттифоқининг парчаланишидан ҳам зўрға ўзларига келишган. Шундан ҳам, тасаввур қила олсангиз бўлади. Энди ўргандик, дейишганида, яна ҳаммасини қайттан бошлашни айтинг. Ҳозир минтақа аҳолисининг15 фоизини ташкил этувчи қрим татарларининг ҳам бошлари қотган. Улар тушиб қолган вазият ҳам осон эмас. Қрим татарлари ҳам аллақачон ўз фуқароликларини ўзгартириб бўлишган. Бошқа бир давлатнинг фуқароси бўлиб кўникишган. Қайтиб Россияга таркибига қайтишни исташмайди. Устига устак, улар ҳозир ўзларига қарши қандайдир провокациялар бўлиши мумкинлигига оид гап-сўзлардан ҳам қўрқиб қолишган. Чунки қрим татарлари Қримнинг Россия таркибига қўшилишига мутлақ қаршилар. Ҳозир кўпчиликни ана шу муаммолар ўйлантирган.

Би-би-си: Агар, минтақа аҳолиси орасидаги умумий кайфиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, уларнинг бўлажак референдум ҳақидаги мавқеълари қандай? Уларнинг ёндашувларида қандайин қараш кўпроқ устунлик қилади?

Линур Юнусов : Биласизми, ҳозир кўпчилик референдум ҳақида қайғураётгани ҳам йўқ. Чунки, референдум бўлиш-бўлмаслигидан қатъиназар, одамлар ўзларини аллақачон Россия таркибида, деб ҳис қилишади. Аммо уларнинг орасида Россия таркибида бўлишни хоҳлаётганлари баробарида, бунга қарши мавқеъда бўлганлари ҳам оз эмас. Демоқчиманки, кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлган. Улар референдум ортидан, ҳаётлари буткул ўзгариб кетишидан хавотирдалар. Чунки ўтган чорак аср давомида Қрим Украинага буткул чатишиб кетган. Қариндош уруғлари бор, болалари бориб таҳсил олишади. Улар бунинг қанчалик оғриқли жараён бўлишини англаб етишмоқда. Чунки сўнггига қадар одамлар воқеаларнинг бундай тус олишини кутишмаганди. Мана, ҳозир қрим татарлари бўлажак референдумни буткул бойкот қилишларини айтишмоқда. Ҳали бундай мавқеъдаги инсонларнинг сони янада ортиши тайин. Аммо, афсуслар бўлсин, референдум ғояси ташаббускорлари бўлган одамларни бу нарса қизиқтирмаслиги тайин.

Бу мавзуда батафсилроқ