Туркия қуролли кучлари собиқ раҳбари генерал Башбуг озод этилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Улар менинг ҳаётимнинг 26 ойини ўғирладилар", деб айтган генерал Башбуг.

Туркия ҳукуматини ағдариш мақсадидаги фитнадаги иштироки учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилсин, деган қарор бекор қилинганидан Туркия Қуролли Кучлари собиқ раҳбари генерал Илкер Башбуг Истанбулдаги қамоқхонадан озод этилган.

7 март куни Туркия Конституциявий маҳкамаси генерал Башбугга нисбатан 2013 йил августида чиқарилган ҳукмни бекор қилган, маҳаллий маҳкама қарори билан 8 март куни у озодликка чиққан.

Генерал Башбуг "Эргенекон" деб номланган махфий-қўпорувчилик ташкилотига раҳбарлик қилишда айбланган.

Ташкилот 2003 йили бош вазир Ражаб Тойиб Эрдуғон ҳукуматини ағдаришни режалагани айтилган, генералга ҳукуматни ағдариш ва терроризмга алоқадорлик айбларида айбланган.

Туркия Қуролли Кучларини 2008 йилдан 2010 йилгача бошқарган генерал Башбуг билан бирга яна ўнлаб кишилар давлат тўнтаришига уринишда айбланган.

Бироқ генерал Башбуг ўзига қарши илгари сурилган айбловларни доим рад этиб келган.

У ўзига қарши маҳкамани майнавозчилик деб атаган.

Туркия Конституциявий маҳкамаси генералнинг ҳибс қилиниши унинг ҳуқуқларини поймол этган, деб топган.

Генерал Башбугни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган маҳкама унинг айбини батафсил очиб бермаган, дейилган конституциявий маҳкама қарорида.

Истанбулдаги маҳкама қаршисида гапирган генерал Башбуг ўзларига қарши жиноят ишини қўзғатганлар нафрат ва ўч олиш мақсадида иш тутганлар, деб айтган.

"Улар менинг ҳаётимнинг 26 ойини ўғирладилар", деб айтган генерал.

2012 ва 2013 йилларда Туркияда юзлаб кишилар "Эргенекон" ва "Катта болға" деб номланган ишлар бўйича озодликдан маҳрум этилганлар, улар орасида юқори лавозимларни эгаллаган собиқ мансабдорлар бўлган.

Шу йил бошида Туркия қудратдаги сиёсатчиларига алоқадор можаролардан кейин ўша жиноят ишларини қайта кўриб чиқиш талаблари янграган.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон бу ишларда адолат тамойиллари бузилганини тан олган ва қайта маҳкамаларни маъқуллаган.

Феврал ойида Туркия парламенти ҳарбий зобитларни маҳкамага тортган махсус маҳкамаларни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ