'Билиб қўйинг, Қрим референдумини дунё тан олмайди'

  • 8 Март 2014

Украинанинг Донецк, Харков шаҳарлари ва Қримда намойишлар ташкил қилинган, Донецкдаги намойишчилар ҳам Қримдагига ўхшаш референдум ўтказилишини талаб қилганлар.

Айни пайтда Украина раҳбарлари 16 мартга мўлжалланган Қримдаги референдум натижаларини на расмий Киев, на дунё ҳамжамияти тан олишидан огоҳлантирганлар.

8 март куни Қримда бир неча минг аёл тинч намойишга чиққан.

Улар орасида рус, украин ва татар аёллар борлиги хабар қилинган.

Намойишчилар "Биз тинчлик истаймиз", "Уруш бўлмасин", "Қрим - Украина" деб ёзилган шиорлар кўтариб олганлар.

Шу куни қайси мамлакатники экани кўринмайдиган ҳарбий кийим-бошдаги одамлар Симферопол шаҳридаги республика ҳарбий комиссариати биносини босиб олганлар.

Бу ҳарбийлар ўзларини Қримнинг ўз-ўзини мудофаа кучлари деб тақдим қилганлар.

Жума оқшомида эса Россия ҳарбийлари деб кўрилган кучлар Қримнинг Севастопол шаҳридаги Украина армиясига тегишли ҳарбий қисмга бостириб кирганлар.

Бир неча соатдан кейин улар ҳарбий қисмни тарк этганлар.

Мухбирларнинг хабар қилишларича, шанба куни Донецк шаҳридаги Ленин хиёбонида россияпарастлар узлуксиз намойиш ташкил қилганлар.

Улар Донецкда ҳам Россияга қўшилиш мақсадидаги референдум ташкил этилишини талаб қилганлар.

Россияпараст одамларнинг намойиши Харков шаҳрида уюштирилган.

7 март куни Украина президенти вазифасини бажарувчи Олександр Турчинов Қрим парламентининг референдум ўтказиш ҳақидаги қарорини тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Муваққат президент фармонида 16 март куни Қримни Россия Федерациясига қўшиш бўйича референдум ҳақидаги қарор қабул қилингунича йўл қўйилган қонун бузилишлари тилга олинган.

Жаноб Турчинов, шунингдек, мамлакат конституциявий маҳкамасидан Қрим Олий Кенгаши қарорининг Украина конституциясига нақадар мослигини текширишни сўраган.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк Қримдаги сиёсатчиларга мурожаат билан чиққан.

Унинг мурожаати, унинг ўзининг таъбири билан "бўлгинчилар ва Украина давлатининг бошқа хоинларига" қаратилган.

"Сизнинг ҳар қандай қарорингиз ноқонуний ва конституцияга зид. Ва маърифий дунёда бирор киши гўёки Қрим ҳокимиятининг референдумининг натижаларини эътироф этмайди", деб айтган Арсений Яценюк.

Украина Адлия вазири Павел Петренко Қрим мақоми ҳақидаги референдум маҳаллий эмас, бутун мамлакат миқёсидаги референдумда ҳал этиладиган масала деб огоҳлантирган.

Бу мавзуда батафсилроқ