Украинада Шевченконинг 200 йиллиги тўқнашувлар билан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина жануби ва шарқидаги митингларда ўн минглаб одамлар иштирок этганлар. Уларнинг бир қисми Украинанинг яхлитлиги учун чиққан бўлсалар, бошқа қисми Россиянинг Қримдаги амалларини қўллаб-қувватлаб чиқдилар.

Якшанба куни Украинада шоир Тарас Шевченко таваллудининг 200 йиллиги нишонланган, бироқ аксар байрам тадбирлари урушга қарши шиорлар остида ўтган.

Тўқнашувлар ҳам юз берди. Россияни қўллаб-қувватловчи "мудофаа" жангарилари, хусусан казаклар намойишчиларни дўппосладилар.

Киевдаги намойишда нутқ сўзлаган Бош Вазир Арсений Яценюк Кремлга украин заминининг бир сантиметрини ҳам бермаслигини айтди.

Шанба куни Киевга ЮКОС нефть ширкатининг яқинда 10 йиллик тутқунликдан озод этилган собиқ раҳбари Михаил Ходорковский учиб келди.

Якшанба куни у Киевдаги Мустақиллик майдонида йиғилганлар олдида чиқар экан, Киевда Украина ҳукуматини куч билан олишга уринаётган "неофашистлар"ни кўрмаганини айтди.

"Россия тарғиботи ҳар доимгидек ёлғон гапираяпти. Бу ерда фашистлар ё миллатчилар йўқ", - деди Ходорковский саҳнадан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ходорковский Майдонда тартибни сақлаш қароргоҳини ҳам бориб кўрган. Унинг айтишича, намойишчиларга қарши куч ишлатиш қарори Москва билан келишилган ҳолда қабул қилинган бўлган.

Симферополдан Би-би-сининг рус хизмати мухбири Илья Абишев хабар қилишича, якшанба куни шаҳар марказида бўлиб ўтган намойишлар руҳи ва сони жиҳатидан буткул фарқ қиларди, бироқ уларни бир нарса боғлаб турганди. У ҳам бўлса, хавф ҳисси.

Қримнинг Россия таркибига кириши тарафида бўлган бир неча минг одам йиғилган Ленин майдонидаги хавф шу эдики, у ерда сизни сизни Симферополдаги Россияпараст ҳукуматга ишончсизлик, Ғарб журналисти бўлганингиз, ёки "мудофаа жангчилари"га кўринишингиз ёқмай қолгани учун тутиб дўппослашлари мумкин эди.

Тарас Шевченко паркида референдумга қарши ўтган намойишда эса қўлларига дружинниклар боғичини тақиб олган одамлар ё казаклар йўқ эди, лекин керак бўлса мушт билан ўз фикрини изҳор қилишга тайёр бўлган тажовузкор ёш йигитлар атрофга йиғилганди.

Улардан баъзилари ҳатто оломон ичига кириб олишга уриндилар, лекин бир неча юз намойишчилар ва уларни қўриқлаётган милиционерларга очиқча қарши чиқишга ботина олмадилар. Лекин, мухбиримиз улар ҳамманинг асаби таранг тортишига сабаб бўлишганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оммавий чиқишлар Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.

Донецкда Россияпараст фаоллар вилоят ҳокимияти биносидан Украина байроғини йиртиб олиб, ўрнига Россия байроғини ўрнатганлар.

Харьковда 10 минг атрофидаги одамлар Украинанинг ҳудудий яхлитлигини учун маршга чиққанлар. Фаоллар "Урушга йўқ!", "Украина, Харьков, Қрим!" дея хитоб қилганлар.

Евпаторияда танитадиган белгилари бўлмаган қуролли кишилар Украина қўшинлари бўлимига қуролларини топшириш учун ультиматум эълон қилишган, акс ҳолда ҳарбий бўлимни ишғол қилишларини айтиб таҳдид солганлар. Хабарларга кўра, ишғол амалга ошмаган.