Истанбулдаги норозиликлар мобайнида жароҳатланган ўсмир вафот этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Беркин Элваннинг онаси ўғлини Бош вазир "олиб кетганлигини" айтди.

Ўтган ёз ойларида Истанбулда рўй берган кенг миқёсли норозиликлар вақтида полиция қўллаган кўз ёш сиздирувчи газ канистри бошига келиб теккан 15 ёшли Беркин Элван оламдан кўз юмди.

Беркин олган жароҳати туфайли 9 ойдан бери кома ҳолатида эди.

Унинг вафоти ҳақида эълон қилинганидан сўнг шифохона ўнгида йиғилган оломон билан полиция ўртасида тўқнашув рўй берган.

Беркин Истанбулнинг Гези оромгоҳини қайта қуриш ишларига қаршилик тарзида бошланиб, кеийнчалик кенг миқёсли аксилҳукумат намойишларига айланиб кетган ҳодисалар туфайли оламдан ўтган саккизинчи қурбондир.

Шифохона ўнгида йиғилганларга қарата Беркин Элваннинг онаси фарёд билан унинг ўғлини Яратган эмас, Бош вазир "олиб кетгани" ҳақида айтган.

Шифохона атрофида йиғилган норози намойишчиларни тарқатиб юбориш учун полиция ачимтир модда сепган.

Шундан сўнг йиғилганлар яқин орадаги алавийлар ибодатхонасига йўл олишган.

Беркиннинг оиласи ўғиллари сешанба куни эрта билан соат 7 да оламдан ўтганлигини Twitter орқали эълон қилишган.

У 269 кундан бери комада эди ва охирги ҳафталарда аҳволи оғирлашиб борган.

Унинг бошига кўз ёш сиздирувчи газ канистраси келиб теккан вақти ёши атиги 14 да эди. Ҳодиса рўй берган вақти у нон дўконига кетаётган бўлган.

Истанбулдаги норозиликлар дастлаб ҳукуматнинг шаҳардаги Гези оромгоҳини қайта қуриш режаларига қарши бошланган бўлиб, полиция томонидан куч қўлланганидан сўнг мамлакат бўйлаб ёйилиб, аксилҳукумат чиқишларига айланиб кетганди.

Ҳодисалар туфайли оламдан ўтган саккиз кишидан бири полиция ходимидир.

Бугун Беркиннинг ўлимига норозилик чиқиши Анқарадаги Яқин Шарқ Техника Университети ўнгида ҳам бўлиб ўтди. Унда 2 мингга яқин киши қатнашган.

Бундан ташқари норозилик чиқишлари шунингдек, Анталья ва Измир шаҳарларида хам бўлиб ўтди. Пойтахт Анқарада талабалар ўқишга боришдан бош тортиб, ерда ўтриб олиб норозилик билдирганлар.

Беркин Элваннинг дафн маросими чоршанба куни бўлиб ўтиши маълум қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ