Россиянинг маданият вакиллари Путинни қувватлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путиннинг Украинага нисбатан сиёсатига Россиянинг ўзида турли муносабат билдирилмоқда.

Россиянинг 100 дан ортиқ санъат ва маданият арбоблари президент Путининг Украинадаги вазият борасида тутган мавқеини қўллаб-қувватлашган.

Россия Маданият вазирлиги сайтида мамлакатдаги таниқли шахслар имзо чеккан хат эълон қилинган.

Ушбу рўйхатда Алексей Баталов, Олег Табаков, Василий Лановой, Михаил Боярский, Николай Бурляев, Юрий Соломин, мусиқачилар Владимир Спиваков, Юрий Башмет, Валерий Гергиев, актриса Людмила Чурсина, Ирина Мирошниченко, Валентина Тализина, режиссерлар Станислав Говорухин, Карен Шоҳназаров, Павел Лунгин, Федор Бондарчук, Владимир Хотиненко, қўшиқчилар Людмила Сенчина, Надежда Бабкина, балетчи Николай Цискаридзе ва бошқалар бор.

"Қрим ва ватандошларимиз тақдири ҳал бўладиган кунларда Россия маданият вакиллари совуқ юрак билан бефарқ кузатувчи бўлиб тура олмайдилар. Биз халқларимиз ва маданиятларимиз келажаги мустаҳкам бўлишини хоҳлаймиз. Биз шу боисдан президентимизнинг Украина ва Қрим борасидаги мавқеини қўллаб қувватлаймиз", дейилади жумладан ҳужжатда.

Маданият вазирлигига кўра, хат очиқ ҳисобланади ва унга имзо чекувчилар сони ошиб бориши мумкин.

Олдинроқ Россия Ёзувчилар иттифоқи Владимир Путиннинг Украинадаги воқеаларга муносабатини ёқлаб чиққанди.

Шу билан бирга, Путиннинг Украинага нисбатан сиёсатига мамлакат ичида турли муносабатлар янграмоқда.

Никита Михалков бошчилигидаги Путинни дастаклаб келадиган киночиларга қарши 100 дан ортиқ кино арбоблари украиналик ҳамкасблари билан бирга эканликларини айтиб, Россиянинг Қримга киришига норозиликларини билдирганлар.

"Биз ҳақимизда шубҳаланманг. Биз ҳақиқат томондамиз ва сиз билан биргамиз!" деган шиор остида Элдар Рязанов, Лия Ахежакова, Алексей Смирнов, Юрий Богомолов, Алексей Попогребский, Елена Коренева, Андрей Прошкин, Гарри Бардин, Андрей Звягинцев, Андрей Плахов, Даниил Дондурейлар имзо чекишган.

Россия ҳукуматининг амалини ёқлаб имзо чеккани учун актёр Безруковнинг Тбилисига ижодий сафари Гуржистон ҳукумати томонидан бекор қилинган.

Таниқли қўшиқчи Иосиф Кобзон рўйхатга имзо қўймаган бўлса ҳам, Қримнинг Россияга қўшиб олинишини, ҳамкасбларининг фикрларини маъқуллашини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ