Туркияда тартибсизликларнинг янги тўлқини бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RENGIN ARSLAN

11 мартда ўтган йилги намойишлардан буён комада ётган 15 ёшли ўсмир вафот этгач, бутун Туркия бўйлаб тартибсизликлар бошланиб кетган.

Истанбулда полициянинг намойишчиларни куч билан тарқатиш пайти кўчага нон олишга чиққан ўсмир кўздан ёш оқизувчи газ идишидан жароҳатланган, бир йилдан буён хушсиз қолаётганди.

Полициянинг тасодифий қурбони Беркин Элван аксилҳукумат намойишчиларни гўёки бирлаштирган.

Шифохона ўнгида йиғилганларга қарата Беркин Элваннинг онаси фарёд билан унинг ўғлини Яратган эмас, Бош вазир "олиб кетгани" ҳақида айтган.

Алавитлардан бўлган ўсмир боланинг жасади масжидга олиб борилганда, ҳукуматга қарши одамлар Истанбул кўчаларида "Эрдўған қотил", "Қотил ҳукумат ҳаммаси учун жавоб беради" деган шиорларни айтиб қичқиришган.

Бундан олдин ҳам Туркиянинг диний озчилигини ташкил қилувчи алавитлар билан мўътадил ислом тарафдори бўлган Эрдўғон ҳукумати ўртасида бир неча бор муаммоли вазият вужудга келган.

Туркиянинг инқилобий касаба уюшмаси конфедерацияси Элваннинг дафн маросимида қатнашишини билдирган.

Туркия президенти Абдулла Гул марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этган.

2013 йил май ойида ҳукуматнинг Истанбулдаги Геза боғини қайта таъмирлаш ишларига қарши чиққан намойишларда ҳалок бўлганлар сони Элвин дохил саккизта бўлган.

Шунингдек намойишларнинг бутун Туркия бўйлаб тарқалиши Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг 11 йиллик бошқаруви пайтида вужудга келган энг муаммоли вазият ҳисобланади.

Ҳукумат Анқарада намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишлатган. Аксилҳукумат ҳаракат қатнашчилари Эрдўғон ҳукуматини истеъфо беришини талаб қилишган. Намойишчилар Қизилой майдонидан сиқиб чиқарилгач, тор кўчаларда ҳам норозиликларини давом эттиришган.

Туркиянинг бошқа шаҳарларида ёшлар ижтимоий тармоқлардаги чақирувлар орқали намойишга чиқишган. Аданада полицияга тошлар отилган. Измир ва Эскишаҳарда ҳам йирик намойишлар бўлиб ўтган.

Истанбул ва Анқарада ҳукуматнинг интернетга назоратни кучайтириш қарорига норозилар бир неча ҳафтадан буён намойиш ўтказиб келишаётганди.

Ражаб Тойиб Эрдўғон олдинроқ Facebook ва Уoutube тармоқларини тақиқлашини билдирганди.

Беркиннинг оиласи ўғиллари сешанба куни эрта билан соат 7 да оламдан ўтганлигини Twitter орқали эълон қилишган.

Бу мавзуда батафсилроқ