Донецкдаги тартибсизликларда икки киши вафот этган

Россияпараст намойишчиларнинг "Украина бирлиги учун" ҳаракат қатнашчиларига ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 50 га яқини турли даражадаги тан жароҳати олган. Ўндан ортиқ одам касалхонага ётқизилган.

22 ёшли йигит пичоқланиши орқасидан "Тез ёрдам" машинасида жон берган.

"Украина бирлиги" акцияси милиция ва ички ишлар ходимлари қуршовида бўлиб ўтган.

Ҳаракатга қарши оломон намойишчиларга тухум, тутун чиқарувчи воситалар отишган, сўнгра милиция қуршовини ёриб кирган.

Шунингдек милиция намойишчиларни автобусда олиб чиқиб кетмоқчи бўлганда, уларга қарши ёшлар автобус ойналарини синдирганлар ва ёнғин чиқарувчи нарсалар отганлар.

Оммавий тартибсизликда иккала томондан икки мингга яқин киши қатнашгани айтилмоқда.

Милиция намойишни ўтказишга халақит берган бир неча кишини ушлаган.

Бироқ 500 дан ортиқ фаоллар милициядан ҳибсга олинганларни қўйворишни талаб қилиб бақиришган. Милиция автобусини қимирлатиб, оёқларини тешганлар.

Натижада милиция ушланганларни қўйворишга мажбур бўлган.

Ўтган ҳафтада ҳам Украина жануби ва шарқидаги митингларда ўн минглаб одамлар иштирок этганлар.

Уларнинг бир қисми Украинанинг яхлитлиги учун чиққан бўлсалар, бошқа қисми Россиянинг Қримдаги амалларини қўллаб-қувватлаб чиқишган эди.

Якшанба куни Тарас Шевченко таваллудининг 200 йиллиги нишонланган, бироқ аксар байрам тадбирлари урушга қарши шиорлар остида ўтган ва тўқнашувлар юз берган.

Россияни қўллаб-қувватловчи "мудофаа" жангарилари, хусусан казаклар намойишчиларни дўппослаганлар.

Оммавий чиқишлар Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.

Донецкдаги намойишларда россияпараст фаоллар вилоят ҳокимияти биносидан Украина байроғини йиртиб олиб, ўрнига Россия байроғини ўрнатганлар.

Харьковда 10 минг атрофидаги одамлар Украинанинг ҳудудий яхлитлигини учун маршга чиққанлар. Фаоллар "Урушга йўқ!", "Украина, Харьков, Қрим!" дея хитоб қилишган.

16 март, якшанба куни ўтиши режаланган Қрим референдуми олди яна тартибсизликлар бўлиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Бу мавзуда батафсилроқ