Цукерберг Обамадан интернетни кузатмасликни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES
Image caption Марк Цукерберг интернет хар бир фойланувчи учун хавфсиз булиши кераклигини айтади.

Фейсбук асосчиси Марк Цукерберг АҚШ Президенти Барак Обамага телефон қилиб, Америка ҳукумати томонидан амалга оширилаётган интернет айғоқчилиги борасида норозилигини билдирган.

Оқ Уй вакилига кўра, Обама ва Марк Цукерберг ўртасида суҳбат бўлиб ўтган, лекин бошқа тафсилотларига тўхталмаган.

Бундан олдин "Чегара билмас журналистлар" халқаро ташкилоти йиллик ҳисоботини чиқарганди. Унда интернетни доимий назорат қиладиган ташкилотлар қаторига Америка миллий хавфсизлик агентлиги ҳам киритилган.

Шунингдек, АҚШ жосуслик хизмати собиқ таҳлилчиси Эдвард Сноуден ошкор қилган янги маълумотларда, Америка ҳукумати Фейсбук тармоғи остида ниқобланган кузатув хизмати тузгани , у орқали фойдаланувчиларнинг компютерига кириш имконига эга бўлгани келтирилади.

Америка хавфсизлик хизмати эса Сноуден чиқарган маълумотларни "аниқ эмас" деб атаган.

"АҚШ интернет келажаги учун хавф туғдирмасдан, у ҳақида кайғуриши керак", деб ёзади Фейсбук асосчиси Цукерберг ўз саҳифасида.

"Муҳандисларимиз хавфсизликни яхшилаш устида тинмай ишлар эканлар, биз ўз ҳукуматимиздан эмас, жиноятчилардан ҳимояланаётганимизни тасаввур қиламиз", дейди у.

Марк Цукербургга кўра, интернетнинг кучини сақлаш учун унинг хавфсизлигини асраш зарурдир.

Эдвард Сноуден тақдим қилган маълумотларга қараганда, Америка махсус хизматлари юзлаб телефон қўнғироқларини эшитиб, "қора йўллар" орқали Microsoft, Yahoo, Google, Facebook, PalTalk, AOL, Skype, YouTube ва Apple каби йирик компютер ва интернет ширкатларнинг тизимларига уланган.

Ҳукуматларнинг интернетни оммавий кузатуви интернетнинг келажагини йўқотади, дея хавотирланади Эдвард Сноуден ҳам.

Бу мавзуда батафсилроқ