Таҳлил: 'Қрим масаласи бутунбошли МДҲни 'ўлдириши' мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, кичик бир Қримни қайтариб оламан деб, Россия ўзининг катта МДҲдаги сўнгги таъсирини ҳам йўқотиши мумкин.

"Гуржистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан чиққанида бу - катта зарба эмас эди. Мана, бугун Украина чиқаяпти...Ўйлайманки, бу - Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташкилотининг мажруҳланиши ва мутлақ обрўсизланишига олиб келади, деб айтишимиз мумкин", - дейди, жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўз ўрнида, таҳлилчи суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Россия учун Қримдаги хатти-ҳаракатларининг оқибатлари жудаям жиддий ва салбий бўлади.

"Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бўлсин, бугуннинг ўзида уларга аъзо давлатларнинг ҳаммасида Россиядан "қочиш", Россиядан "чекиниш" ва расмий Москвага ишончсизлик тенденцияси ҳаддан ташқари кучли", - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчининг наздида, ҳаттоки, МДҲ давлатлари орасидан Россия билан хавфсизлик, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда боғлиқ бўлган Қозоғистон ва Беларус ҳам босқичма-босқич, расмий Москванинг жаҳлини чиқармасдан, бу ташкилотлар ва бу боғлиқликлардан узилишга ҳаракат қилади.

Қолган МДҲ мамлакатлари эса, аллақачон Россиянинг, агар таъбир жоиз бўлса, "орбита"сидан тезроқ узилиш ва таъсиридан қутулиш ҳаракатига тушиб қолишган, дейди у.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчининг бу каби баҳолари Қрим масаласида Россия ва АҚШ ўртасидаги сўнгги сиёсий музокаралар ҳам чиппакка чиққан бир манзарада янграмоқда.

Қримнинг Россия таркибига қайтиши-қайтмаслигига оид референдумга эса, бор-йўғи бир кун қолди, холос.

Ғарбнинг наздида, якшанба кунги референдум ва Россиянинг Қримдаги сўнгги амаллари Украинанинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиш ва халқаро қонунларга зид бир иш бўлади.

АҚШ томонига кўра, барча дипломатик уринишлари ва пўписалари самара бермаганига қарамай, Қрим масаласини шунчаки ташлаб қўймайди ва бунинг оқибатлари Россия учун жудаям жиддий бўлади.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Қрим муаммосига дипломатик ечим топишга қаратилган жума кунги сўнгги музокаралар ҳам Ғарбнинг сиёсий ва иқтисодий ихоталашларга оид кескин огоҳлантиришлари манзарасида бўлиб ўтганди.

Буёғи таваккалчиликми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Россия Президенти Владимир Путин Қрим масаласида жуда шошилинч қарор қабул қилган ва шу боис ҳам, ҳозир орқага қайтиш имкониятлари жуда кам.

Аммо, суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, бу - хато иш бўлган.

"Россия Қримни тортиб олиш орқали, бамисоли, Украинанинг Нато ва Оврўпо Иттифоқига киришига ветосини қўймоқчи. Аслида, ўйлайманки, бу жараённи анча тезлаштирди. Чунки Болтиқбўйи давлатлари ва умуман, Россиянинг атрофидаги мамлакатларда Натога кириш учун қўшимча стимул ҳам пайдо бўлди. Чунки уларда Россиядан ўзимизни ҳимоя этишимиз учун биз эртароқ Натога киришимиз керак, деган "оқлов", яъни вазиятни "оқлаш" имконияти пайдо бўлди", - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Лекин, суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, ҳатто, ҳозиргидек бир вазиятда ҳам Ғарбнинг қўлидан ҳеч бир иш келмади ва Қримнинг "тақдири ҳал бўлди", деб қатъий хулосага келиш ноўрин бўлади.

"Мана, Россия аллақачон Юқори Саккизликдан "қувилаяпти". Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларидан "қувилаяпти". Оврўпода Россиянинг гази ва нефтига мутлақ муқобили изланаяпти. Америка ва араб давлатлари ўртасида нефтнинг нархини пасайтириш чоралари қидирилмоқда. Агар, буларнинг ҳаммаси иш берса, Россия мисли кўрилмаган даражада катта иқтисодий ва сиёсий йўқотишларга учрайди", - дейди у.

Камолиддин Раббимов, ўз ўрнида, "ҳалиям дунёдаги ҳудуди энг катта давлат экани сабаб, Чеченистон, Доғистон, Татаристон, Бошқирдистон ва ҳатто, Узоқ Шарқи мисолида Россия ўзининг ичкарисида ҳам марказдан қочиш тенденцияси ошкора ва яширинча ҳар доим бўлганига эътибор қаратаркан, расмий Москва ҳозир жуда хавфли ўйин ўйнаяпти", дейди.

Унга кўра, бу нуқтаи назардан ҳам, Қримдаги сўнгги хатти-ҳаракатларининг оқибатлари Россия учун салбий бўлиши эҳтимоли жудаям юқори бўлади.

Таҳлилчининг таъкидлашича, 21-асрда ҳудудларни босиб олиш орқали ўзининг таъсирини "парваришлаш" даври ўтиб бўлган ва ҳозир дунё ҳамжамияти, атрофга таъсир қилишнинг бошқа воситалари мавжуд.

Лекин Россия Президенти Владимир Путин буни инобатга олмаяпти, дейди у.

Расмий Москванинг Қримдаги саъй-ҳаракатлари эса, узоқ давом этган оммавий намойишлар ортидан, Украинада россияпараст президентнинг ағдарилиши ва ғарбпараст янги ҳукуматнинг қудратга келиши эҳтимоли пайдо бўлган бир вазиятда кузатилмоқда.

Марказий Осиёнинг мавқеи қандай бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ғарблик етакчи таҳлилчиларга кўра, Қримдаги ҳодисаларни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам диққат билан кузатиб бораётган бўлишлари тайин.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Қримда кечаётган воқеалар улар учун, агар, ўз манфаатларига бевосита тўқнаш келса, Россия "қулаётган тузумни"ни тутиб қолиш учун собиқ Шўро ҳудудларига бемалол бостириб кириши ва минтақадаги бошқа бир йирик қўшниси Хитой унинг бу амалларини, ҳеч бўлмаганда, жимгина маъқуллаши мумкинлигини англатади.

Бошқа томондан эса, Россия истаб қолса, озчилик рўсийбзабонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудида ўша даврлардан мерос қолган" ўлик можаролар" исталган пайтда қайта жонлантириши мумкинлигига далолат қилади, дейишади улар.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, расмий Москва яқинда худди шундай изоҳ билан Украинага ўз қўшинларини киритишга тайёр эканини ҳам ошкора баён қилган ва ҳозирча бундай эҳтимолни назардан соқит этмай келаяпти.

Таҳлилчиларнинг наздларида, мавжуд ҳолат, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини, ҳеч бўлмаганда, дунёнинг қудратлари билан мувозанатни қандай тутиб туриш масаласида жиддий ўйга толдирмай қўймайди.

Суҳбатдошимиз наздида, 2009 йилдан кейин Вашингтон-Тошкент яқинлашувининг замирида ҳам иккита катта нуқта турибди: Биринчиси, Афғонистон. Иккинчиси, Россия Президенти Владимир Путиннинг Оврўосиё Иттифоқи ғоясини мажруҳлантириш.

Айни ўринда таҳлилчи Камолиддин Раббимов Украина ҳодисаларидан кейин Россиянинг Марказий Осиёга эътибори кучаяди, деган фикрда.

Унинг айтишича, худди шу манзарада қўшни Афғонистондаги вазият ҳам мураккаблашиб бормоқда.

Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, таҳлилчи, бу яқин ўртада Ўзбекистон-Америка муносабатлари, айниқса, Афғонистон масаласида кучайиб боради, дейди.

Суҳбатдошимизга кўра, мавжуд вазиятда, айрим таҳлилчилар наздларида, “ўзининг томорқаси”, деб билган ҳудудда Вашингтоннинг ҳозирлигига кескин қарши бўлган Россиянинг босими ҳам Марказий Осиё давлатлари учун у қадар қўрқинчли бўлмайди.