Қримда референдум бўлиб ўтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қримда референумда овоз берилаяпти.

Бу референдумни Киев ва Ғарб ноқонуний деб эълон қилган, бироқ Москва дастаклаяпти.

Украинанинг Россия қўллаб-қувватлаган президенти Виктор Янукович ағдарилганидан кейин аҳолисининг аксарини руслар ташкил қилган Қримни Россия қўшинлари назорат остига олган.

Русларнинг Россияга қўшилишни маъқуллаб овоз беришлари кутилаяпти, бироқ Қрим татарлари бойкот эълон қилган.

Қрим маркази Симферополдаги овоз бериш шаҳобчасида бўлган Би-би-си мухбири Бен Браун референдумда иштирок этувчилар кўпчиликни ташкил қилаётгани ҳақида хабар берди. Овоз бериш шаҳобчалари очилганидан илк 10 дақиқда 100 нафарча одам кириб келган.

Қрим бўйлаб маҳаллий вақт билан 08:00да очилган овоз бериш шаҳобчалари 12 соатдан кейин ёпилади.

Овоз бериш варақасида Қримнинг Россияга қўшилишини истайсизми дея сўралган.

Иккинчи қилиб, Украина 1992 йилги конституцияда кўрсатилган мақомига қайтиши керакми деган савол қўйилган. Шунда минтақага каттароқ мухторият берилади.

Референдумда 1,5 миллион киши овоз беришга ҳақли ва илк натижалар жараён тугашидан кўп ўтмай ошкор қилиниши маълум қилинган.

Минтақадаги аҳолининг 58.5 фоизини ташкил қилувчи этник руслар аксарияти Россияга қўшилишни маъқуллашлари кутилади.

Қрим мухториятининг россияпараст Бош вазири Сергей Аксёнов ўз овозини бераркан, референдум яхши кетаётганини айтган.

"Кўриб турганингиздек, одамлар эркин овоз беришяпти. Шаҳобчаларда муаммолар кўзга ташланмайди. Мен бирон бир босим кўрсатилаётганини сезганим ва кўраётганим йўқ", деб айтган у Интерфакс ахборот агентлигига.

Референдум бошланиши олди ўз номи сир қолишини айтган аёл Би-би-сига: "Биз Путинни севамиз ва Россия томонмиз", деб айтган.

"Биз фақат Россия томонмиз. Нима учун? Чунки, биз бу ерда фашистлар келишини истамаймиз", дея қўшимча қилган у.

У бу билан Путин жанобларининг Киевни "фашистлар" ва "ўнг қанот радикаллар" қўлга олганлари борасидаги огоҳлантиришларига ишора қилган. Бир неча ойлик аксилҳукумат намойишлари ортидан президент Виктор Янукович ҳукуматдан четлатилган. Украина янги ҳукумати бу каби иддаоларни "қип-қизил ёлғонлар" дея рад этади.

Аммо, Қримнинг Украина таркибида қолишини истаётганлар ҳам бор. Эслатиб ўтаман, Қрим 1954 йилга қадар Россия таркибида бўлиб келган.

Россиянинг Қора денгиз флоти ҳам Қримда жойлашган. Бироқ, Москва Украина ҳудудий яхлитлигини дастаклаш ваъдалари берилган келишувларни имзолаган.

Москвапараст президент Виктор Янукович қудратдан кетказилганидан бери Россия қўшинлари аксар руслар яшовчи Қрим минтақасини амалда назорат қилмоқда. Аммо, Кремл расман у ерга қўшимча қўшин киритганига оид хабарларни рад қилиб келади.

Россия сал олдинроқ БМТнинг референдум танқид қилинган қонун лойиҳасига вето қўйганди. Россия айни масала ветони қўллаган Хавфсизлик Кенгаши ягона аъзосидир.

АҚШ тарафидан ишлаб чиқилган ҳужжат кенгашдаги қолган 13 давлат вакиллари тарафидан дастакланган. Кўплаб масалаларда Россиянинг иттифоқчиси бўлиб келган Хитой бундан ўзини четга тортган.

Пекин Украинанинг ҳудудий бирлигини қўллаб-қувватлашини айтган.

Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи агар референдум бўлиб ўтса, Россия расмийларига қарши кескинроқ жазо чоралари жорий этиш билан огоҳлантирганди.