Икки ўт орасида қолган Қрим ёки ичкарида нелар кечмоқда?

Image caption "Қримдаги одамлар ўзаро муносабатларида таранглик ҳарорати кўтарилган, аммо кескин эмас", дейди журналист Ленур Юнусов

Бугун Қрим татарларининг Мажлиси Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига мурожаат билан чиққан, Қрим татарлари яна бир фожеа остонасида туриптилар, деган хавотир изҳор этган. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотидан инқирозни тинч йўл билан ҳал этишда мадад бериш сўралган. Қримдаги бугунги вазият ҳақида биз Симферополдан журналист Ленур Юнусовдан сўрадик:

Ленур Юнусов: Овоз бериш бирор бир муаммосиз давом этаяпти. Энг катта муаммо - Қрим жамияти бугун иккига бўлиниб қолгани. Бир қисми референдумда иштирок этиб, уларнинг аксари Россияга қўшилиш учун овоз бераяпти. Иккинчи қисми эса уйида ўтирипти, шу йўл билан бу референдумни бойқот қилаяпти. Маълумки, бу референдумни Украина ҳукумати ҳам, хорижий давлатлар ҳам, халқаро ташкилотлар ҳам қонунга зид деб эълон қилганлар ва унинг натижаларини ҳеч ким эътироф этмаслиги ҳақида огоҳлантирганлар. Қрим татарлари Мажлиси референдумга бойқот эълон қилган ҳамда Қримда яшайдиган аҳоли, нафақат татарлар, бошқа миллат вакилларини ҳам овоз беришда қатнашмасликка чақирди. Ҳақиқатан ҳам жуда кўп одамлар сайлов участкаларига чиққанлари йўқ.

Би-би-си: Қрим Татарларининг Мажлиси бугун Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига мурожаат эълон қилди. Бу мурожаатда, 20 асрда сургун қилинган Қрим Татарлари яна бир фожеа остонасида туриптилар, дейилади. Бу хавотир асоси нимада?

Ленур Юнусов: Чунки, Қрим Татарлари Қримнинг Россияга қўшилишига мутлақ қаршилар. Улар Украина таркибида яшашни хоҳлашади ва бу ҳақда ушбу инқирознинг бошидаёқ эълон қилишган. Ҳозир эса бу референдум ноқонуний ва Қрим Украина тасарруфида қолиши лозим, дея таъкидлаб туришипти. Шу муносабат билан одамларда хавотир уйғонган: яъни маҳаллий ҳокимият ва Қрим аҳолисининг аксар қисмини ташкил қилган русийзабонлар қолган одамларни кўпчилик фикрини қўллаб-қувватламагани учун, қўпол қилиб айтганда, жазолашни ҳохлаб қолади, деган хавотир юзага келган. Қрим татарларига қарши фитна уюштирилиши ҳақидаги хабарлар тарқалган. Бугунги замондаги мана шунга ўхшаган инқирозлардан кўриниб туриптики, бундай инқирозлар баъзан "этник тозалашлар", қатлиом, депортация ва ҳоказолар билан тугалланади. Боя айтганимдай, Қрим жамияти иккига бўлинган ва ҳар бир тараф ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам, Қрим татарлари ўзларининг ва фарзандларининг келажагидан ҳақиқий хавотирга тушганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP AFP
Image caption Бугун Қрим жамияти иккига бўлинган...

Би-би-си: Ҳозир оддий одамларнинг ўзаро маиший маънодаги муносабатлари қандай?

Ленур Юнусов: Ушбу инқирозга қадар Қримдаги миллатлараро муносабатлар барқарор эди, дейиш мумкин. Ҳозир воқеаларнинг таъсири миллатлараро муносабатларнинг маиший даражада ҳам таранглашишига олиб келган, деб айтиш мумкин. Бироқ, бу тарангликни мен кучли, демаган бўлардим. Одамлар ҳам аввалгидек яшашмоқда: руслар, украинлар, Қрим татарлари, арманилар, яҳудийлар олдингидек қўшничилик алоқаларини давом эттиришаяпти, бир-бирлари билан мулоқот қилишаяпти. Айни пайтда мен охирги ҳодисалар ҳатто бир оила аъзоларининг ўртасидаги келишмовчиларга туртки бергани ҳақида эшитдим. Мисол учун, эри Қрим Украина таркибида қолиши керак, деса, хотини ва хотинининг ота-онаси Россияга қўшилиши керак, деб ҳисоблагани учун зиддият келиб чиққан. Мана шундай таранглик ҳарорати кўтарилганини кўриш мумкин. Лекин, бу таранглик кескин эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ