Қримда мустақил журналистлар ҳужумларга учрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қримда охирги икки кун ичида камида олти журналист дўппосланган, қўлга олинган ёки хабар беришига тўсиқ қилинган. Бу ҳақида қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси хабар тарқатди.

Унга кўра, якшанба куни Қрим ҳукумати Украинадан мустақиллигини эълон қилиши билан якунланган референдум ортидан минтақадаги матбуот эркинлиги янада чекланишда давом этди.

Минтақавий зиддиятни март ойи бошидан бери ёритиб келаётган журналистлар ноқонуний қўлга олинишлар, сиқувга олишлар ва тўсиқларга учраб келмоқда.

"Қрим яшовчиларининг келажаги мавҳум қолаётган бўлиши мумкин, лекин у ерда ишлаётган журналистларнинг келажаги порлоқ эмаслиги аниқ. Биз ҳукуматни матбуотга воқеаларни эркин ҳолда ёритишга рухсат беришига ва журналистларга бандитлар ва учинчи кучлар ёрдамида ҳужумлар қилишни бас қилишига чақирамиз", - деди ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё дастури мувофиқлаштирувчиси Нина Огнянова.

Сешанба куни номаълум ва ниқобли кишилар Симферопол шаҳрида Қримнинг мустақил АТР интернет нашри мухбири Ибраим Умеровга ҳужум қилганлар.

Журналист ўз ҳамкасблари билан маҳаллий автосалонга қарши уюштирилган рейд ҳақида хабар тарқатаётганди.

АТР нашри Қримнинг мусулмон озчилиги бўлмиш татар журналистлари томонидан юритилади.

Хабарларга кўра, ҳужумчилар Умеровни юзига ва оёқларига уришган, ҳамда унинг ёзув жиҳозлари ва телефон батареясини мусодара қилганлар. Журналист тиззаси ва юзига олган жароҳатлар ортидан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган.

Душанба куни камида тўрт нафар бошқа маҳаллий ва халқаро журналистлар алоҳида ҳолларда ҳужумга учраганлар.

Ҳарбий устбош кийган, ҳамда пичоқлар ва хипчинлар билан қуролланган кишилар Швециянинг TV4 канали мухбири Йохан Фредриксон ва оператори Ячек Мачулани Севастополдан ташқарида қўлга олганлар.

Ҳукумат маълумотига кўра, "ҳарбий иншоотлар"ни фильмга олаётгани учун журналистларнинг паспортлари ва ёзув жиҳозлари мусодара қилинган.

Фредриксон ва Мачула айбларни рад қилишди. Кечроқ улар ўз жиҳозларини қайтариб олишга муваффақ бўлдилар.

Симферополдаги Терговчи журналистлар маркази хабар қилишича, Ялтада маҳаллий "Сегодня" хабар агентлигининг мухбири Дмитрий Бунецкий ва сураткаши Сергей Николаевга номаълум кишилар гуруҳи ҳужум қилиб, уларни дўппослаган.

Ҳужумчилар журналистларни ерга қулатиб, уларнинг кўкраклари ва юзларига тепганлар. "Сегодня" хабар қилишича, Бунецкий ва Николаевнинг юзлари ва кўкраклари кўкарган ва тишлари синган.

Your contact details
Disclaimer