Ўзбекистоннинг шундоқ биқинида минглаб муслималар нега радикаллашмоқда?

Аён бўлишича, ўзбошимча фаолият юритаётган мадрасалар сабаб.

Бу каби мадрасаларда эса, минглаб хотин-қиз талабалар диний таълим олишади.

Уларда берилаётган таҳсилларда радио тинглаш, телевизор кўриш ва суратга олиш куфр экани айтилади.

Хотин-қизларнинг фақат уйда ўтиришлари шарт экани ўқтирилади.

Сўз Ўзбекистонга бевосита чегарадош Афғонистон шимолидаги қатор ноқонуний мадрасалар ҳақида кетмоқда.

Айниқса, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жуда фаоллашгани айтилувчи шимолий Қундуз вилоятидаги ”Ашраф-ул Мадарес” мадрасасидаги ҳолатнинг ниҳоятда хавотирли экани айтилади.

Маҳаллий фаолларга кўра, ушбу мадраса хотин-қизларнинг ҳуқуқларини яққол поймол этмоқда.

Аммо, мадраса асосчиларига кўра, уларнинг диний саводхонликларини ошириш каби жуда зарур иш билан шуғулланишмоқда.

Яна тўрт йил бурун икки таниқли мулла томонидан асос солинган Қундуздаги мазкур мадрасада оз эмас, кўп эмас олти мингга яқин хотин-қиз таҳсил олишини айтинг.

”Ашраф-ул Мадарес” мадрасаси талабаларини бир қарашдаёқ бошқаларидан ажрата оласиз.

Чунки улар бошдан-оёқ қора рангли ниқобга бурканган ҳолда юришади.

‘Чодирга бурканганлар’

Мадрасада ўрнатилган тартиб-қоидаларга мувофиқ, ёши каттароқ бўлган талаба хотин-қизлар бош, юз, кўзларидан ташқари, қўл ва оёқларини ҳам қўлқопу пайпоқлар билан ёпишлари шарт кўрилади.

Бошқалари эса, буткул, бошдан-оёқ чодирга бурканиб олишади.

Шунданми, айрим одамлар уларга, “Чодирга ўранганлар”, деган лақаб ҳам қўйиб олишган.

Вилоят масъулларининг айтишларича, бу каби радикал ҳолат мадраса талабалари ва маҳаллий аҳоли ўртасида тангликка ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Вилоят хотин-қизлар бошқармаси вакилларига кўра, “Нега сенинг либосинг исломий эмас, нима учун намоз ўқимайсан”, - дея мадрасадагилар талаба қизларни ҳол-жонларига қўйишмайди.

Устига устак, айрим мадраса талабаларининг давлат мактабларига чиқишлари муаммонинг устига муаммо пайдо қилган.

“Мадрасадагилар талабалари ва ҳатто, давлат мактаби ўқитувчисини ҳам оддий либосда кўриб қолишса, очиқчасига, “Бу юришинг гуноҳ”, деб айтишади”, - дейди давлат мактабларидан бирининг муаллимаси Важма.

Аммо мадраса мударриси Мавлавий Абдул Холиқ ўзларига қаратилган танқидларнинг барчасини рад этади.

Унинг Би-би-сига айтишича, бераётган таҳсилларидан мақсад – Ислом динининг тарихи ва асосларини ўрганиш билан ёш хотин-қизларга бор имкониятларини ишга солишларига кўмак бериш.

“Мусулмончиликнинг ибтидосида қизлар диний фаолиятдан бир четда туришмаган. Ҳатто, урушларда ҳам иштирок этишган. Аммо, биз мусулмонлар, ҳозир орқада қолиб кетдик”, - дейди мударрис ҳазратлари.

Талабаларнинг ўзлари нима дейишади?

Мадрасадагилар, “Матбуотга миқ этиб оғзингни очмайсан”, деб огоҳлантиришганига қарамай, ёш талаба аёллардан бири кимлигини айтмаслигимиз шарти билан биз билан сўзлашишга рози бўлди.

“Агар, шоколоднинг устида қоғози бўлмаса, унга дуч келган пашша қўниши мумкин. Ҳижоб ҳам худди шундай. Хотин-қизларни ёмон кўзлардан асрайди”, - дейди у.

Суҳбатдошимизнинг бизга айтишича, Покистонда қочқинликда ўсиб, вояга етган. Лекин, шунга қарамай, хусусий университетда ҳам таҳсил олган.

“Мен муслима хотин-қизларга мос бўлмаган кийимларда: калта шортик ва тор либосларда юрардим. Аммо ҳозир Исломнинг ҳақиқий асосларини ўргангач, зиёфатма-зиёфат юриб, кўнгилхушлик қилиш муслималарга тўғри келмайдиган иш эканлигини билдим”, - дея сўзларида давом этади суҳбатдошимиз.

Шунда ҳам, таъкидлаш жоиз, Афғонистондаги бошқа мадрасаларда вазият буткул бошқача.

Давлат бошқаруви остидаги мадрасаларда эркак домлалар, худди оддий коллеж ва мактаблардагиси каби, талаба қизлар билан бемалол юзма-юз мулоқот қилишади.

Аммо Қундуздаги мадрасада домлалар қиз-жувонларга парданинг орқаси ёки ичкари хонадан туриб, сабоқ беришади. Талабалари билан кўзлари кўзларига тушишидан қочишади.

“Ҳатто, ҳижобда бўлишса ҳам, таҳсил пайтида талабаларнинг кўзлари очиқ бўлади. Шу боис ҳам, эркак домланинг уларни кўришга ҳаққи йўқ”, - дейди эркак мударрислардан бири Абдул.

“Ашраф-ул Мадарес” мадрасасида ёши ҳали 10 га етмаган юзлаб қизчалар ҳам таҳсил олишади. Аммо, эътироф этиш керак, уларга қўлланилаётган тартиб-қоидалар катта қизларга бўлганидек кескин эмас.

Эркак мударрислар бемалол қизчаларнинг даврасида ўтириб, таҳсил бера олишади. Аммо ўзларини яхши тутишлари учун лозим бўлганда қизчаларни хипчин билан калтаклашни ҳам унутишмайди.

“Мадрасада интизом ҳарбийчасига. Агар, дарсни яхши ўзлаштиришмаса ёки шовқин солишса, албатта, жазодан қуруқ қолишмайди”, - дейди Абдул.

Нима учун керак?

Шундай экан, бу каби ноқонуний фаолият юритувчи мадрасаларга қандай ҳожат бўлиши мумкин, деган савол ўртага чиқади.

Чунки биргина шимолий Қундуз вилоятининг ўзида Афғонистон Маориф вазирлиги томонидан очилган 30 дан ортиқ шунга ўхшаш диний ўқув юртлари фаолият юритади ва уларда ҳам икки мингга яқин хотин-қиз талабалар таҳсил олишади.

“Ашраф ул-Мадарес” вакилларининг даъво қилишларича, Афғонистон Маориф вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастурини буткул Исломий, деб бўлмайди.

Уларга кўра, вазирликнинг ўқув дастури ўзлариникидан фарқ қилади ва Эрон, Покистон ҳамда айрим араб давлатларидан келтирилган китобларга асосланади.

Афғонистон Маориф вазири муовини Шафиқ Самим жаноблари эса, айнан “Ашраф-ул Мадарес” ҳақида сўз юритишдан бош тортди. Аммо ушбу мадрасанинг Қундуз тўқнаш келиб турган муаммолардан бири эканини у ҳам тан олди.

“Бу мадрасада ким намоз ўқимаса, шаккок экани айтилади. Аммо, агар Шариатга таянилса, фақат Ислом динига ишонмайдиганларгина бундай аталиши керак. Ҳатто, талаба қизлардан бири онасига бир неча кунгина намоз ўқий олмагани учун шаккокка айландим, деб айтибди”, - дейди биз билан суҳбатда жаноб Самим.

Бироқ “Ашраф-ул Мадарес” Бош мударриси мавлавий Абдул Холиқ ҳазратлари бу каби фикрларга қўшилмаслигини айтади.

“Бизнинг мадрасамизга қарши бўлганлар – Исломдан буткул хабари йўқ ёки Афғонистонда Исломга зид қадриятларни дастакловчи давлатлар таъсири остида бўлган ва ё Исломий қадриятларни ерга уриш истагида бўлган одамлар”, - дейди у.

Саволимиз бор

Бу каби мадрасаларни танқид тиғи остига олаётган аксариятни уларни ким молиялаётгани саволи ҳам қизиқтирмай қолмаган.

Мавлавий Абдул-Холиқ ҳазратларининг айтишича, айрим сарф-харажатларни талабалардан тушган хайрия пулларига эвазига қоплашган.

“Талаба қизлар мадрасамизга ёрдам бериш учун ўз халқалари, узуклари ва бошқа тиллаворларини сотишади. Ҳатто, бир гал қизлар берган 20.000 АҚШ долларига яқин пулга ер ҳам сотиб олгандик”, - дейди у.

Аён бўлишича, янграётган танқид ва билдирилаётган хавотирларга қарамай, “Ашраф-ул Мадарес” ўз фаолиятини кенгайтириб, Афғонистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ўз шохобчаларини очмоқчи.

Афғонистон Маориф вазирлиги ўзининг ҳам тан олишича, ҳозир бутун мамлакат бўйлаб 1.300 га яқин ноқонуний мадрасалар фаолият олиб боради. Энг қизиғи, бу – давлат томонидан юритилувчи мадрасалар сонидан 200 тага кўпдир.

Қундузлик фаол аёллардан бири бўлган Шаҳризоднинг хавотирланишича, бу каби мутаассиб қарашдаги мадрасалар таъсирининг кучайиб бориши афғон хотин-қизларига қимматга тушиши мумкин.

“Қачонки дин янглиш талқин этиларкан, бундан энг аввало аёллар жабр чекишади. Уларнинг Исломий ва қонуний ҳуқуқлари, ишлаш, таълим олиш, малакаларини ошириш, сиёсат билан шуғулланиш ва фуқаровий эркинликлари чекланади”, - дейди Шаҳризод.