Украина Россия билан виза тизимини киритмоқда

Украина ҳукумати Россияга нисбатан виза режимини киритиш нияти ҳақида билдирган, ҳамда Қримдан украин қўшинларини олиб чиқишга тайёр эканини эълон қилган.

Бу ҳақида Украина Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши котиби Андрей Парубий билдирди.

“Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясига нисбатан виза режимини киритиш топширилди”, - деди у матбуот билан учрашувида.

Андрей Парубийнинг билдиришича, Ташқи ишлар вазирлиги “Украинага фақат чет элга чиқиш паспортлари билангина кириш”ни кўзда тутувчи дастурни келгуси бир неча соат давомида ишлаб чиқади.

Ундан ташқари, Хавфсизлик кенгаши Украинани Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибидан чиқариш, ҳамда Қрим уруш ҳудуди эканини тан олишни сўраб БМТга мурожаат этиш жараёнини бошлашга киришган.

Хавфсизлик Кенгаши Украинанинг ҳудудий яхлитлига кафиллик берган давлатлардан Украина ҳудудида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишни сўраши кутилади.

"Шошма-шошарлик керак эмас"

Айни пайтда Украина муваққат бош вазири Арсений Яценюк Россия билан виза тизими киритишга шошмаслик кераклигини айтган.

"Россия билан виза тизими жорий этишга ҳам, Россия Федерациясига хорижий паспорт билан ўтиш тартибини киритишга ҳам шошмаслик лозим. Бу ерда етти марта ўлчаб, бир кесиш керак", деган жаноб Яценюк.

Унга кўра, Россиянинг ўзи бир неча марта МДҲ давлатлари билан виза тартибига ўтиш масаласини кўтарган. Бу йўл билан Россияга таъсир кўрсатиш қийин.

Шунингдек, визасиз тизимдан кўп украиналиклар манфаатдор. Биринчи навбатда мамлакат шарқи ва жанубидагилар, Россияга ишлашга ва қариндошларини кўришга борувчилар учун, деб қайд этади Яценюк.

Қримдан эвакуация

Украина Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши мажлисида, шунингдек, Қримда қолишни истамаётган аҳолини у ердан эвакуация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Вазирлар кенгашига зарур кўрсатмалар берилган.

Парубий жаноблари Қримдан украина ҳарбийлари ва уларнинг оилаларини олиб чиқишга тайёргарликлар ҳам йўлга қўйилаётганини айтди.

Унинг айтишича, Украина БМТдан Қримни ҳарбий ҳудуд дея тан олиш ва ярим оролни Россия қўшинлари тарк этиши йўлида чоралар кўришни сўраши кутилмоқда.

Киевнинг умид қилишича, БМТ украин ҳарбий қисмларининг Қрим ҳудудидан олиб чиқиши учун шароит яратади.

Айни дамда Украинанинг муваққат президенти Александр Турчинов Қрим ҳукуматидан Украина денгиз кучлари қўмондони Сергей Гайдукни маҳаллий вақт билан соат 21:00гача озод қилишни талаб қилган.

«Акс ҳолда биз техник ва технологик характерга эга чоралар кўрамиз», - деди жаноб Турчинов.

Бу мавзуда батафсилроқ