АҚШда Бин Лодин воизи маҳкамага тортилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ прокурорлари 11 сентябр ҳужумлари ортидан "Ал-Қоида" воизи бўлиб фаолият юритганликда айблаётган шахс Усамо бин Лодин ундан “жаҳонга унинг мурожаатини етказиш”ни сўраганини айтган.

48 ёшли Сулаймон Абу Ғайт Нью-Йоркда чоршанба куни ўтган терроризм маҳкамасида ўзини ҳимоя қилди.

У америкаликларни ўлдиришга тил бириктириш айбларини рад қилди. Унинг адвокатлари эса у 11 сентябрь ҳужумлари тайёрланаётгани борасида умуман бехабар бўлганини айтишмоқда.

Мазкур маҳкама иши АҚШ фуқаролик маҳкамасида ўтказилаётган энг юқори даражали ишлардан биридир.

Абу Ғайт маҳкамада гапирар экан, Афғонистонга 2001 йил июнида “у ердаги янги Исломий ҳукумат билан яқиндан танишишга жиддий истаги” бўлгани учун келганини айтган.

У вақтда Афғонистонни Толибон Исломий жангарилари назорат қилаётганди.

Таржимон орқали гапирар экан, жаноб Абу Ғайт 2001 йил 11 сентябрь оқшомида Бин Лондин у билан учрашиш учун ўз ёрдамчисини юборганини айтди.

“Мен у мендан нима исташини, нима демоқчи бўлганини билмоқчи эдим”, - деди Абу Ғайт ўзининг ўша пайтдаги бўлғуси қайнотаси ҳақида кўрсатма бера туриб.

Абу Ғайт ниҳоят Бин Лодин билан учрашганида, у: “Нима бўлганини эшитдингми? Биз қилдик у ишни”, - деб айтганини билдирди.

Бин Лодин сўнгра Абу Ғайтдан энди нима бўлиши борасида фикрини сўраган.

Абу Ғайт унга жавобан: “Америка сизни ўлдирмагунча ва Толибон давлатини қулатмагунча тинчимайди”, - деб айтган.

“Мен жаҳонга мурожаат қилмоқчиман. Шу мурожаатимни сенг етказиб беришингни истайман”, - деган Бин Лодин унга.

Прокурорлар даъво қилишича, Абу Ғайт “ўз сўзларининг қотилона қудрати” орқали жангариларни 11 сентябрь ҳужумлари ортидан Америкага қарши қуролланишларига сабабчи бўлган.

АҚШ Бош прокурори Николас Левин аввалроқ Абу Ғайт ал-Қоида жамлоқларида янги ёлланган жангариларни қотилликка ундаш билан шуғулланганини айтган.

Қораловчилар, шунингдек, у 11 сентябрь ҳужумлари ортидан "Ал-Қоида"нинг тарғибот видеоларида пайдо бўлиб, зўравонликка ундаганига ишонишади.

Асли қувайтлик бўлган жаноб Абу Ғайт бу видеолар “Шайх Усамонинг иқтибослари”га асосланган бўлиб, улар мусулмонларни ташқи босимга қарши курашишга чақирадиган ваъзлар бўлганини айтган.

Жаноб Абу Ғайт ўтган йили Туркияда ҳибсга олинган ва маҳкамага юз тутишини учун Нью-Йоркка олиб келинган.

У агар айбдор деб топилса, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ