'Россия бизни ҳам қўшиб олсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўзини Молдовадан мустақил, деб билган бўлгинчи Приднестровье (инглизчада Trans-Dniester) энди Россияга қўшилмоқчи

Ссобиқ Иттифоқда руслар ва маҳаллий аҳоли орасида танглик ҳамда зиддиятга саҳна бўлиб келаётган яна бир минтақа бор.

Бу - Молдова таркибидаги Приднестровье. Айни бўлгинчи бўлгада кўпчилик рус миллати вакиллари яшашади.

Бўлгинчи бу минтақа Қрим инқирози ортиданоқ "бизни ҳам қўшиб олинг" дея ўзини Россияга таклиф этди.

Кремль ҳам Приднестовьенинг Россияга қўшилиш истагини кўриб чиқишини айтмоқда.

Приднестровье 1990 йили ўзини Молдовага бўйсунмайдиган мустақил давлат, деб эълон қилган, лекин ҳеч ким уни тан олгани йўқ.

Днепр дарёси бўйлаб Украина чегараси бўйлаб чўзилиб кетган бу бўлга аҳолисининг аксариси - рус миллати вакиллари.

Молдова эса - собиқ СССРнинг энг заиф, энг кичик ва энг қашшоқ республикаларидан бири.

"Махфий хизматлар жуда фаол ва бир неча интернет саҳифаларини ёпишди" - дейди минтақа пойтахти Тирасполда яшовчи аёл қўрқа-писа - "Айниқса, кейинги ойларда аҳвол жуда ёмонлашаяпти".

'Биз - Молдова эмас'

Приднестровье марказида ҳамон Ленин ҳайкали қўр тўкиб турибди. Парламент биноси пештоқида эса Совет етакчилигини акслантируви ва четида ўроқ-болға расми туширилган қизил-яшил рангдаги байроқ ҳилпирайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Приднестровьеда қаерга борманг, "Биз - Молдова эмас" деган шиорлар илинган

Бу ерда кўпчилик амалда Россияга яқинлашишни истайди. Тўғриси, кўпчилик аллақачон Молдовани хорижий давлат, деб атай бошлаган.

Шаҳар марказида Молдова мустақил бўлишини истамаган ва Россия таркибида қолиш учун урушган одамларга ёдгорлик қўйилган. Уларнинг исмлари қора мармарга ўйиб битилган.

"Россия таркибида имкониятлар кўп, нафақалар ҳам юқори" - дейди тирасполлик Анна - "Молдовада кексалар 75 доллар нафақа олишади, Бу ерда эса биз қарийб 200 доллар оламиз".

Жорий ҳафта бу минтақа - Приднестровье ҳам Россияга қўшилиш учун расмий талабнома жўнатган. Аммо бу борада кўп ҳам очиқ гапиришмайди.

Приднестровье мана неча йилки музлатиб қўйилган низога ўхшайди. Қримнинг Россияга қўшиб олиниши бу музни эритгандек бўлди.

Қрим можаросини Россия телеканалларини орқали кузатиб келаётган ва аксар рус миллатига мансуб аҳоли Ғарбни айблайди.

"Оврўпо Иттифоқининг мияси жойидадир. Уруш бошлаб, қон тўкмас" - дейди маҳаллий рус аёли.

Тираспол тинч, кечалари кўчалари чароғон, ҳаммаёқ саришта. Аммо Молдова пойтахти Кишинёв оқшомлари зулматга чулғанади. Йўллари ўйдим-чуқур, бир тарафда камбағаллик, бир тарафда кам сонли бойлар...

Приднестровьеда эса қаерга борманг бир хил шоирга кўзингиз тушади. Рус тилида "Биз Молдова эмас!" деб ёзилган.

'Путинга гап йўқ'

Қитъадаги энг қашшоқ мамлакат бўлмиш Молдованинг орзуси - келажакда Оврўпо Иттифоқига қўшилиш.

Аммо Қрим воқеалари ортидан молдованлар хавотира тушиб қолишди. Улар бизни ҳам Россия Оврўпога яқинлашишга қўймайди, деб қўрқмоқдалар.

Аммо россияпарастлик бугун нафақат Приднестровьедаги рус миллатига мансуб бўлгинчиларда, балки молдованларда кузатила бошланган.

Кўпчилик Россия телеканалларини кўришади. Россиядаги анчайин тўкис ҳаётни биладилар.

"Путин - Молдовада ҳам энг машҳур президент" - дейди Кишинёвда газета сотувчи кекса молдован онахон.

Айни фикр қашшоқликдан безган инсонлар истагини, Совет даврини фаровонлигини қўмсаш ва одамлар нисбатан тўқ яшаётган Россияга мойилликни акслантиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption СССР қулаши биланоқ ўрта табақадан камбағал тоифага айланиб қолган кекса ёшли молдованлар ҳам Путинга қаҳрамондек қарашади

Хусусан, 23 йилдан бери мустақил ҳақида жар солиб келган Ўзбекистон ҳам Қрим ортидан бир ҳақиқатга рўбару келди: Интернетдаги кам сонли зиёлилардан ташқари, аксар ўзбеклар Украина инқирозида Россия ва Путинни ёқлаб ёзмоқдалар.

Чунки мустақил Ўзбекистонда фақат ҳуқуқсизлик, қаттиқ чекловлар, шафқатсиз диктатура ва қашшоқликда яшаётган ўзбеклар учун Россия - жаннатмакон ўлка, Путин эса ўз халқини ўйлаётган президент.

Четга шунча газ, олтин, пахта ва инсоний захираларини сотса-да, халқи учун рисоладагидек шароит ярата олмаган Ўзбекистондан фарқли тарзда, Молдовада бу каби бойликлар йўқ ҳисоби.

Тўғри, қатор таҳлилчиларнинг хавотирланишича, руслар зич яшовчи шимолий Қозоғистон бошига Қримнинг куни тушиши мумкин. Аммо Остона вакиллари бундай қўрқув ва фикрлар асоссиз эканини айтиб чиқдилар.

Лекин Молдова Қозоғистон каби бадавлат эмас. Кишинев ўнғай вақт келиши ҳамоно Оврўпо Иттифоқи билан махсус келишув имзолашни истайди. Дарвоқе, худди ана шундай келишув можароси ортидан Украина инқироз гирдобига тушган ва Қримни қўлдан бой берганди.

Приднесвтровье муаммоси билан яшаётган Молдова эса бундай хавфни яхши тушунади.

Молдова ўзини ҳарбий масалада бетараф мамлакат, деб эълон қилган эса-да, ҳозир НАТОга яқинлашишни истамоқда.

Айни дамда, Украина воқеаларидан сабоқ чиқарган Молдова учун Россия масаласида фақат бир йўл бор. Мулоқот.

Аммо биргина Кишинёвнинг мулоқот исташи етарли бўлмаслиги мумкин. Чунки мазкур масалада қудратли Россиянинг истаги кўпроқ аҳамиятга эга.

Бу мавзуда батафсилроқ