Таиландда яна 112 Уйғур деб кўрилаётган шахслар ушланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти Таиланд ҳукуматига мурожаат қилиб қўлга олинган инсонларни Хитойга депортация қилмасликка чақирган.

Тай расмийлари хабар қилишларича, мамлакатнинг Камбоджага туташ Са Каев вилоятининг чегара ҳудудида яна 112 киши ушланган.

13 март куни Таиланднинг Малайзия чегарасига яқин Сонгкхла вилоятидаги чангалзорда бутун бошли оилалари билан бўлган 220 инсон тутилган, уларнинг Хитой режими зуғумларидан қочиб чиқишга ҳаракат қилган мусулмон Уйғурлар экани айтилган.

Human Rights Watch янги баёнот эълон қилган, янги тутилган ва Уйғурлар деб ишонилаётган инсонлар ўз истакларига қарши Хитойга юборилмаслиги лозимлигини таъкидлаган.

Камбоджа чегарасида тутилган одамлар пойтахт Бангкокдаги Иммиграция Тутиб туриш Марказига олиб кетилганлар.

Халқаро ташкилотлар чақириқларига қарамасдан, илк тутилган 220 инсон орасидан ўнлабига чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари илгари сурилган.

Human Rights Watch ташкилоти бундан олдин Таиланд ҳукумати қўлга олинган бир неча Уйғурни Хитой қўлига топширганини танқид қилган.

Халқаро ташкилот Хитойда қўлга олинганлар ноинсоний муомала, хусусан қийноқлар билан юзма-юз келишлари мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бу мавзуда батафсилроқ