Афғонистонлик илк фазогир 25 йилдан сўнг ватанига борди

Илк ва ягона афғонистонлик фазогир Абдулаҳад Моманд Орадан 25 йил ўтиб ватанига келган. Мужоҳидлар даврида ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган коcмонавтни президент Ҳамид Карзай маъмурияти томониданбир пиё чойга таклиф қилинган.

1988 йили Совет қўшинлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишга ҳозирлик кўраркан, совет ракетаси ягона ва илк афғон фазогирини фазога олиб учди. Абдулаҳад ерга қаҳрамон сифатида қайтди, аммо 3 йилнинг ичида мамлакатини тарк этишга мажбур бўлди.

Абдулаҳад болалигида осмондан кўзини узолмаслигини, ҳар замонда кўриниб қолган учоқларга қараб учишни орзу қилганини айтади.

Улғайгач у Афғон ҳаво кучларида ҳарбий учувчига айланди. Ва бу нарса Аҳад умуман тасаввурига ҳам сиғдиролмаган яна бир имкониятга йўл очди.

У Совет фазо дастурига қўшиладиган биринчи афғон бўлиши учун 400 номзоднинг ичидан танлаб олинди. 29 ёшида Москва четидаги Фазогирлар машғулот маркази жойлашган Юлдуз шаҳарчасига кўчиб ўтди.

Аҳаднинг парвоздаги қўмондони фахрий космонавт Владимир Ляхов ёш афғонни илк кунданоқ ёқтириб қолганини айтади.

У ерда ҳам фазода ҳам кулгили воқеалар кўп бўлганинини эслайди.

Афғонистон ҳукумати Аҳаддан фазода Қуръон тиловат қилаётганини тасвирга олишни топширади.

“Аҳад ушбу топшириқни бажариш учун дўпписини кийди. Уни пасдан суратга олдик. У муаллақ туриб қолмаслиги учун кадрдан ташқарида оёқларидан ушлаб турганман”, - дея эслайди 70 ёшли Ляхов.

Ерга қайтар маҳал юзага келган муаммони мардонавор ечишда иккаласи ҳам қувноқ табиатига раҳмат деса арзийди.

Ўшанда Союз станциясининг компютер тизими ишдан чиқади. Улар ёнилғи тугашига саноқли сониялар қолганида етиб келишади. Акс ҳолда самода бир умрга қолиб кетишлари мумкин эди.

Йўқотилган назоратни тиклаб ерга қўнишга яна бир уриниш қайта дастурлангунча орадан 24 соат ўтади. Аҳад ва Ляхов ўзларининг қўниш капсулаларида ер орбитаси бўйлаб муаллақ қолади.

Уларнинг қийин ҳолатини бутун дунё кузатарди. Уларнинг ейишга на овқати, на суви бор эди. Ҳатто ҳожат чиқаришга шароит ҳам йўқ эди. Фақатгина икки кунга етадиган кислороди бор эди.

Аҳаднинг эслашича, юзага келган муаммо бартараф этилгунча бир бирига латифа айтиб бериб ўтиришган.

Ниҳоят Қозоғистонга қўнган капсуладан икки фазогир тиржайган ҳолда чиқиб келишади.

Қўнишлари билан Аҳад қўмондони Ляховдан тўртинчи марта учмасликни илтимос қилади. Аллоҳ бу сафар кечирмаслиги мумкин, дейди у.

Илк афғон космонавти Қабулга Ляхов билан бирга 1988 йили келади. Совет ишғолига қарши курашаётган мужоҳидлар шаҳарга ракеталардан ҳужум қилаётган бир вақтда, қаҳрамонни йўл четини тўлдирган оломон қарши олади.

Орадан бир йил ўтиб Совет қўшинлари Афғонистонни тарк этаркан, Аҳад фуқаро авиацияси вазири этиб тайинланади. Бу пайт мужоҳидлар Қабулга яқинлашиб қолган эди.

Абдулаҳад Моманд Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлади.

Орадан 25 йил ўтиб президент ҲАмид Карзай маъмуриятининг таклифи билан Қабулга қайтади. Раҳбарият уни бир пиёла чойга таклиф қилганди

Карзай ўша вақти советларга қарши мужоҳидлар сафида жанг қилган бўлсада, Аҳаднинг фазога чиққанидан фахрланганини билдирган.

Тақдир тақозоси билан илк афғон фазогирининг қисмати ўзгариб кетди. У бугунда учувчиликка умуман алоқаси бўлмаган иш билан машғул.

1992 йилдан бери Олмонияда яшаётган Аҳад Шутутгарт шаҳридаги кичик бир фирманинг ҳисобчиси бўлиб ишлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ